Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сон Фармонига мувофиқ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ўзига юклатилган вазифаларни самарали ижро этиш мақсадида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг ҳолати қониқарлилиги юзасидан ижтимоий сўровномалар ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқилган.
Дастлабки сўровнома 2019 йил декабрда ўтказилган бўлиб, унда истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимояланганлиги билан қониққанлик даражаси ҳамда транспорт хизматлари сифати истеъмолчилар томонидан баҳоланган. 2020 йил январь ва февраль ойларида мос равишда савдо ва алоқа соҳалари хизматларининг сифати истеъмолчилар томонидан баҳолаш учун сўровномага киритилди.
Биринчи босқичда 1661 иштирокчи сўровномада қатнашган бўлса, 2 ва 3-босқичларда мос равишда 3531 ва 2931 та истеъмолчи бевосита аноним респондент сифатида қатнашган. Сўровноманинг биринчи қисми такрорланувчи қисм бўлгани учун, истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимояланганлиги билан қониққанлик даражаси ўзгаришини баҳолаб бориш имконияти мавжуд. Демак, дастлабки 3 ой натижаларини таққослар эканмиз, барча йўналишларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг ўсиб боришини кузатишимиз мумкин.
54,3 фоиз респондент ўз ҳуқуқларини ҳимояланганлигига ишонч билдирган
1-расм. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояланганлиги ўртача республика кўрсаткичининг динамикаси
Хусусан, декабрь ойида сўровда қатнашган иштирокчиларнинг 45,8 фоизи ўз ҳуқуқларини ҳимояланганлигига ишонч билдирган бўлса, февраль ойидаиштирокчиларнинг 54,3 фоизи буни тасдиқлаган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколатига эга бўлган органлар фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришни кўришимиз мумкин, ушбу органлар амалга ошираётган ишлар натижасида уларнинг фаолиятига бўлган ишонч истеъмолчиларда ортиб бораётганлиги сўров динамикасида намоён бўлмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида юз бераётган ижобий ўзгаришлар сифатида шунингдек, истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини тобора тушуниб бораётгани ва уларни ҳимоя қилувчи давлат органлари мавжудлигини ҳамда уларга мурожаат этиш тўғрисида хабар топаётганлиги ҳам сўровнома натижаларида акс этди. Хусусан, декабрь ойида ўтказилган сўровномада иштирок этган истеъмолчиларнинг 26,1 фоизи ваколатли органларга мурожаат этганлигини таъкидлаган бўлса, февраль ойида бу кўрсаткич 32,8 фоизга ошганини қайд этиш лозим. Шунингдек, адвокат хизмати ҳамда истеъмолчилик ҳуқуқи соҳасида суд-ҳуқуқ тизимига мурожаат этувчи истеъмолчилар сонининг кам бўлишига қарамасдан, уларнинг ошиб бораётганлигини ижобий тендеция сифатида таърифлаш мумкин.
Таҳлиллар истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари сонининг камайганини кўрсатди
Юқоридагиларнинг мантиқий давоми сифатида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари сонининг камайиши кузатилмоқда. Хусусан, декабрь ойида иштирокчиларнинг 52,5 фоизи ўз ҳуқуқларини бузилган деб ҳисоблаган бўлса, февраль ойида бу кўрсаткич 49,7 фоизини ташкил этди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги (мурожаатлар сони) ҳамда бошқа ваколатли органлар томонидан истеъмолчиларнинг мурожаатларини ижобий қондирилиши натижасида қайта тикланган ва моддий зарар қопланган истеъмолчилар сонининг ортгани ҳам сўровнома натижаларида ўз аксини топди.
Ҳукуқлари бузилган истеъмолчи қаерга ва қандай мурожаат қилишни билади
Истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, истеъмолчилар саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, ваколатли органларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш истеъмолчилик маданиятини ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояланганлик даражасини оширишга замин яратди.
5,641