Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сон Фармони билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ташкил этилган.
Агентлик томонидан аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини аниқлаш ва баҳолаб бориш мақсадида тармоқлар кесимида истеъмолчилар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқилди.
Унга кўра, ижтимоий сўровлар ўтказиш орқали истеъмолчиларнинг транспорт, савдо, алоқа, қурилиш, коммунал, молия, таълим, тиббиёт, туризм ва шу каби соҳаларда ўз ҳуқуқларини билиш ва ҳимоя қилиш даражаси, савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда ваколатли давлат ва назорати органлари фаолиятидан қониққанлик кўрсаткичлари баҳолаб борилади.
Ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, республика бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимояланганлик даражаси ҳолати баҳоланиши, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг амалий ижроси, турли соҳаларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан мавжуд ҳолат ва муаммолар аниқланиши кўзда тутилган.
Тасдиқланган режа-жадвалга асосий жорий йилнинг декабрь ойида аҳолига шаҳар йўловчи ташиш транспорти хизматлари кўрсатиш соҳасида 1500 нафардан ортиқ иштирокчи ўртасида ижтимоий сўров ўтказилиб, ҳозирда сўров натижа ва кўрсатгичлари ҳисобланмоқда, натижалари тўғрисида қўшимча ахборот берилади.
Келгуси йилдан бошлаб тегишли йўналишлар бўйича сўров ўтказишда замонавий ахборот технология усулларини жорий қилиш орқали барча истеъмолчилар ижтимоий сўровларда иштирок этиш имконияти янада кенгайтириб борилади.
Ҳурматли фуқаролар, барчангизни мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилинганлик даражасини баҳолаб боришда ўз фикр ва таклифларни билдиришда фаол иштирок этишга чақириб қоламиз.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг Матбуот хизмати
5,962