Сўнгги пайтларда интернетнинг турли хил ижтимоий тармоқларида истеъмолчиларни чалғитишга олиб келувчи хабарлар тез-тез учраб турибди.
Бундай тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги МАЪЛУМ ҚИЛАДИ.
Агентлик кўплаб истеъмолчиларнинг сўровига биноан қуйидагиларни истеъмолчилар эътиборига тақдим этади:
“Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти шунингдек, “Тошкент шаҳар электр тармоқлари монтаж ҳолатлари” масъулияти чекланган жамияти – ҳа, бир қарашда корхона номлари ўхшаш, аммо соҳа фаолиятлари турлича.
“Тошкент шаҳар электр тармоқлари монтаж ҳолатлари” МЧЖнинг “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятига тааллуқли жойи йўқ, улар электр симлари, розеткалар, лампочкаларни таъмирлаш ва бошқалар билан шуғулланишади.
ФАҚАТ кўп квартирали уйлар ва якка тартибда қурилган турар-жойларда, холос.
Хизматлар компания томонидан истеъмолчи билан тузилган шартномага мувофиқ (асосида) тақдим этилади.
Ушбу хизматлар мажбурий эмаслиги сабаб, истеъмолчилар шартномани тузишни ёки рад этишни танлаш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаш муҳимдир.
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг:
4-моддасида истеъмолчилар товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, шунингдек, товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ҳуқуқларга эгалиги;
6-моддасида ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги, шунингдек, товар (иш, хизмат) ҳақидаги зарур ахборотнинг йўқлиги бундай товар (иш, хизмат)ни реализация қилиш маълумот берилгунга қадар тегишли давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси бўйича тўхтатиб турилишига сабаб бўлиши;
21-моддасида шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши, агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги, шунингдек, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган.
23,788