Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сон Фармони билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ташкил этилган.
Тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида, Агентликнинг тегишли буйруғи билан жойларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, савдо, уй-жой ва коммунал хизматлари кўрсатувчи корхоналар ҳамда бошқа соҳа вакиллари учун уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини тушунтириш бўйича турли тадбирлар, учрашув ва семинарлар ўтказиш графиклари тасдиқланди.
Тадбирларнинг биринчи босқичи жорий йилнинг декабрь ойида республиканинг барча ҳудудларида аҳолига уй-жой коммунал, электр энергияси, табиий газ, иссиқлик ва ичимлик суви таъминоти ҳамда маиший чиқинди ташиш хизматлари кўрсатиш соҳаси ходимлари учун ташкил қилиниб, Тадбирларда Агентлик ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ушбу соҳаларни назорат қилувчи ва ўзаро ҳамкорлик қилувчи идоралар вакиллари ҳамда иштирок этмоқда.
Кейинги босқичларда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиш ва истеъмолчи ҳуқуқи асослари” мавзусида аҳоли ва талабалар билан учрашувлар, тиббий хизмат, савдо ва хизмат кўрсатиш, транспорт, қурилиш хизматлари кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда дори воситалари сифати ва нархларни давлат томонидан назорат қилиш масалалари бўйича тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли вакиллари иштирокида семинар брифинглар ўтказилиши режалаштирилган.
Умид қиламизки, Агентлик ташаббуси билан мутасадди идора ва ташкилотлар, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилиши бошланган бундай тадбирлар истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши олди олинишига, уларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатлари ҳимоя қилинишига, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданияти юксалишига, савдо ва хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг истеъмолчи олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини янада оширилишига хизмат қилади.
Жойларда тадбирларнинг бориши ҳақида ахборот бериб борилади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг Матбуот хизмати
5,989