“Қашқадарё ҲЭТ” АЖ томонидан истеъмолчи Мўмин Холмуродов хонадонига янги замонавий ҳисоблагич ўрнатилганда ҳисоблагичнинг ишлаш жараёнлари ҳақида истеъмолчига тушунча бериб ўтилмади.
Бу билан таъминотчи корхона томонидан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддаси талаблари бажарилмади. Унга кўра, ҳар бир истеъмолчи товар (иш,хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб берилган.
Хусусан, жорий йилда таъминотчи корхона томонидан Мўмин Холмуродов хонадонига янги замонавий ҳисоблагич ўрнатилган. Ундан фойдаланиши жараёнида эски ва янги ҳисоблагич бўйича тўловларда бирмунча тафовут борлиги, бундан ташқари асоссиз қарздорлик ҳам юзага келгани истеъмолчини таажжубга солди. Автоматлаштирилган тизим ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган истеъмолчи фойдаланилган энергия тўловлари бўйича эътироз билдириб мурожаат қилишга мажбур бўлди.
“Даракчи” газетаси томонидан йўналтирилган бу мурожаатни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий тузилмаси “Қашқадарё ҲЭТ” АЖ билан биргаликда ўрганиб чиқди. Аслида фойдаланилган электр энергиясидан истеъмолчида ҳақиқатан ҳам қарздорлик бўлмаган, сабаби тўловлар ойма-ой тўланган.Мурожаатда келтирилганидек, бу хонадона бир ўзи яшаши, фақат биргина музлатгич, ҳаво алмаштирувчи аппарат ҳамда учта чироқдан фойдаланиши маълум бўлди.
Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидаларининг 66-бандига асосан ЭҲНАТга уланган ёки олдиндан ҳақ тўлаш қурилмаси ва ҳисобга олиш приборига эга бўлган истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш олдиндан тўланган тўлов доирасида амалга оширилиши белгиланганлиги ҳақида М. Холмуродовга тушунчалар берилди.
Хусусан, унга кўра, мазкур тизимга асосан тўловлар олдиндан амалга оширилиши ва амалга оширилган тўловлар туганидан сўнг автоматик тарзда ўчирилиши ва тўловлар амалга оширилгандан сўнг автоматик тарзда электр тармоғига қайта уланишини билдириб ўтилди.
10,104