«Атлас» савдо марказидаги тадбиркордан 10 миллион сўмлик юмшоқ мебель жиҳози (иккита кресло ва диван) сотиб олган Т.П. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилди.
Аслида истеъмолчи пулини олдиндан тўлаган, бироқ уйига келтирилган буюртмада креслонинг мато қопламаси сифатсиз чиққан.Шундан сўнг етказиб берувчи компания креслодаги бу камчиликни бартараф этишини айтиб олиб кетди.
Т.Пўлатов аслида креслони қайта таъмирланишини эмас, балки сифатлисига алмаштириб берилишига қўйган талаби бажарилмагани учун бу шартномадан воз кечишини билдирди ва мебелга тўланган пулини қайтарилишида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигидан ёрдам сўради.
Агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий тузилмаси томонидан мебель етказиб берувчи билан истеъмолчилар талабларининг моҳияти бўйича тушунча бериб ўтилди ва истеъмолчига 10 миллион сўм қайтарилишига эришилди.
ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ: “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.
8,304