Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида белгиланганидек, давлатимиз иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаган ҳолда истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартиби тўғрисида истеъмолчиларга маълум қилиши шартлиги ва бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозимлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан бу борада ҳудудларда жойлашган чакана савдо билан шуғулланувчи барча турғун савдо шохобчалари, умумий овқатланиш корхоналари ҳамда дорихоналарда маълумотлар акс эттирилган пешлавҳа жойлаштирилиши бўйича тадбиркорлик субъектларида тушунтиришлар олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо ва умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ҳамда сотиш қоидалари” ҳамда “Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги низоми талабларига кўра эндиликда, ҳар бир чакана савдо объекти, умумий овқатланиш корхонаси ва дорихоналар биносида истеъмолчилар учун маълумотлар пешлавҳаси жойлаштирилиши Агентлик томонидан қатъий назоратга олинди.
Қуйида тадбиркорлар эътиборига мазкур талаблар юзасидан тадбиқ этилаётган огоҳлантириш хати ҳавола этилади.
Тадбиркорлик субъектлари эътиборига!
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартиби тўғрисида истеъмолчиларга маълум қилиши шартлиги ва бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозимлиги белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо ва умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ҳамда сотиш қоидаларида тадбиркорлик субъекти томонидан харидорнинг танишиши учун қулай жойларда ўз корхонасининг номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили ва иш режими), якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлик ва рўйхатдан ўтказган органнинг номи, агар сотувчи амалга оширадиган фаолият лицензияланиши керак бўлса, лицензиянинг тартиб рақами ва амал қилиш муддати ҳамда уни берган орган ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилиши кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган “Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 22-бандига асосан дорихоналар биносининг кириш қисмида дорихонанинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили ва иш тартиби ҳақида маълумотлар кўрсатилган пешлавҳа бўлиши лозимлиги белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни давлат тилида (заруратга кўра қўшимча равишда бошқа тилда) истеъмолчилар учун қулай жойга жойлаштиришингиз сўралади:
- тадбиркорлик субъектининг номи;
- жойлашган манзили (почта манзили ва иш режими);
- тадбиркорлик субъектининг давлат рўйхатидан ўтказилганлик ва рўйхатдан ўтказган органнинг номи;
- лицензиянинг тартиб рақами ва амал қилиш муддати ҳамда уни берган орган номи (лицензияланиши лозим бўлган фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун);
- тавсия этиладиган маҳсулотлар (умумий овқатланиш субъектлари учун);
- товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар (умумий овқатланиш субъектлари учун).
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги мазкур қонунчилик талаблари таъминланмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ тегишли жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида маълум қилади.
8,581