Ош тузининг асосий таркибий қисми натрий бўлиб, у қон айланиши ва босимини бошқариш, асаблар ва мушаклар орасидаги узвий алоқани таъминлаш вазифасини бажаради. Ош тузининг иккинчи элементи бўлган хлор эса овқат ҳазм қилишга ёрдам беради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан организмдаги моддалар алмашинувини нормаллаштириш учун кунига бир чой қошиқ – 5 грамм туз истеъмол қилиш тавсия этилади. Йод танқислиги касаллигининг олдини олиш учун ҳам йодланган ош тузи жуда муҳим ва зарур.
Ош тузини қандай танлаш керак?
Сифатли ош тузида қуйидаги маълумотлар бўлади:
- Ишлаб чиқарган ташкилотнинг номи;
- товар белгиси (агар бор бўлса);
- маҳсулот номи, унинг нави ва янчилиш даражаси;
- нетто оғирлиги;
- ишлаб чиқарилган санаси;
- норматив ҳужжат номи;
- яроқлилик муддати;
- йодлаш қўшимчаси номи;
- йод улуши;
- “O`zbekistonda ishlab chiqarilgan” деган ёзув – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган маҳсулот учун.
Йодланган ош тузининг органолептик кўрсаткичлари
Туз навлари: экстра,олий, биринчи ва иккинчи.
Ташқи кўриниши: сочилувчан кристалл маҳсулот.
Таъми: бегона таъмсиз, шўр
Ранги: оқ, туз кавлаб олинган жойга қараб кулранг, сарғиш, пушти, кўкиш тус билан оқ.
Ҳиди: йоднинг кучсиз ҳиди бўлишига йўл қўйилади.
Ош тузлари полиэтилен, қоғоз ва пластмасса идишларда қадоқланган ҳолда сотилади.Унинг сақланиш ҳарорати 28 даражадан ошмаслиги керак.
Фойдали маълумотлар
Мамлакатимизда йодланган ош тузи Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни O’z DSt 1091:2011 асосида ишлаб чиқарилади.
Давлат стандарти талабларига асосан ош тузида йоднинг миқдори тоннасига 40 гр. миқдорда бўлиши белгилаб қўйилган.
Калий йодат билан йодланган ош тузи учун 12 ой яроқлилик муддати белгиланган.
Калий йодид билан йодланган ош тузининг яроқлилик муддати 3 ой қилиб белгиланган.
Кунлик истеъмол миқдори меъёрдан ошиб кетса-чи?..
Шифокор тавсияси
– Организмда тузнинг ортиб кетиши моддалар алмашуви жараёнини бузади, юрак, буйрак ва қон айланиш тизимида турли хасталикларни келтириб чиқаради.
– буйрак фаолияти қийинлашади, организмда натрий тўпланишига олиб келади.
– қонда ортиқча туз пайдо бўлиши эвазига юракка ва у орқали бутун танага ортиқча босим тушади.
– кўз босимини оширади, кейинчалик катарактага ҳам олиб келиши мумкин.
Сифатлисига алмаштириш тартиб-қоидалари
Қадоғида қотиб қолган, нам тортган, бегона ҳидларга эга бўлган, яроқлилик муддати ўтган, қадоқлари бузилган ош тузларининг фойдали хусусиятлари йўқолган бўлади. Истеъмолчи сифати бўйича яроқсиз ҳолга келган бундай маҳсулотни назорат касса чеки билан бир сутка давомида уни сифатлисига алмаштириб олиши ёки пулини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
Ёдда тутинг! Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ҳамда унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Мувофиқлик сертификати бўлмаган ва яроқлилик муддати ўтган йодланган туз ҳамда йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сотилиши тақиқланади.
Умида Мансурова,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги
ахборот хизмати бўлими.
29,116