Жорий йилнинг 23 январь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг хабарига кўра, www.kun.uz расмий интернет нашри орқали Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Уч қаҳрамон ва Юнус ота кўчаларидан ўтган иссиқлик қувурларида носозлик юзага келган. Бунинг оқибатида Юнусобод тумани-7,8,9,10,12,15,16,18,19- мавзеларида истеъмолчилар вақтинчалик иссиқ сув ва иссиқлик энергиясидан узилишлари ва ҳозирда носозликни тезкор равишда бартараф этиш ишларига зарур махсус техника ва мутахассислар жалб қилинганлиги маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 194-сонли қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига асосан, истеъмолчи қонун ҳужжатларида, иссиқлик таъминоти шартномасида ёки иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган ҳолатларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилмаганда ёки хизматлар зарур сифат ва тартибда кўрсатилмаганда неустойка (жарималар, пенялар) тўлашни, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 21-моддаси, 2-хатбошида сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Мазкур қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, юқорида кўрсатилган ҳудудларда истеъмолчиларга кўрсатилмаган иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб ишларини амалга оширилиши лозимлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қилиш Агентлиги томонидан «Тошиссиққуввати» давлат унитар корхонасига бу ҳақда 2020 йил 23 январдаги 01-08/206-сонли огоҳлантириш хати юборилди.
5,966