Онлайн харидлар дўкон ёки бозорда харид қилишдан кўра анча қулай, тезкор, осон “шоппинг” тури ҳисобланади. Мамлакатимизда 2016 йил 2 июндаги “Электрон тижоратда битимларни амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 185-сонли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ тартибга солинадиган электрон тижорат тез ривожланиб келмоқда, айниқса карантин режими даврида онлайн-дўконларга бўлган талаб кескин ошди.
Маҳсулотни онлайн харид қилишдан аввал нимани билишингиз зарур?
Интернет орқали маҳсулот сотиб олишнинг фарқи шундаки, харидор шартнома тузишда маҳсулотнинг ўзи ёки унинг намунаси билан бевосита танишиш имконига эга бўлмасдан сайтда жойлаштирилган маълумотларга бутунлай таянади. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунда сотувчининг истеъмолчиларни маҳсулот ва сотувчи ҳақида тўғри хабардор қилиш мажбурияти назарда тутилган.
- Сотувчининг шахсини тасдиқланг
Интернет орқали харид қилишда ҳар доим веб-сайтдаги боғланиш учун маълумотларни текшириб кўринг, сотувчининг ҳақиқатан ҳам мавжудлигига ишонч ҳосил қилинг. Сайтда компания номи, манзили, электрон почта манзили, алоқа шакли ва телефон рақами аниқ кўрсатилган бўлиши керак.
Сиз онлайн дўкон веб-сайт манзилини қуйидаги ҳавола орқали текширишингиз мумкин. Ҳавола орқали ўтгач, ўзингизга зарур бўлган манзилни ким рўйхатдан ўтказганлигини билиб олиш имкони туғилади. Aгар ушбу маълумотлар веб-сайтда кўрсатилган алоқа маълумотларига мос келадиган бўлса, сизнинг харидингиз хавфсиз бўлиш эҳтимоли юқори.
Ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шарт. Бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши лозим. (Ўзбекистон Республикасининг 26.04.1996 йил 221-I-сон қонуни, 5-моддаси)
2. Фақат хавфсиз сайтларда харидни амалга оширинг
Хавфсиз веб-сайтдан харидни амалга ошираётганингизда ҳар доим браузер манзил сатрида қуйидаги ҳаволани кўрасиз:
Қулф белгиси сайтнинг Интернетдаги фойдаланувчилари ўртасида маълумотларнинг хавфсиз узатилишини таъминлайдиган Secure Socket Layer (SSL) криптографик протоколларидан фойдаланганлигини билдиради. SSL шифрлаши бўлмаган веб-сайтларга ишонманг.
Шунингдек, “htpps” даги “S” ҳарфи веб-сайт ва сизнинг компьютерингиз ёки уяли телефонингиз ўртасидаги алоқа хавфсиз ва шифрланганлигини англатади. Сиз фақат тўлов саҳифасида “htpps” иловаси бўлган сайтлардан сотиб олишингиз керак.
Веб-сайт Европа ёки Aмерика доменида бўлгани учунгина хавфсиз экан деб ўйламанг, бу веб-сахифани аниқ ушбу мамлакатда жойлашганлигини англатмайди ва табиийки хавфсизлигига кафолат бермайди.
Aгар тарафларнинг келишувида ва (ёки) қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, электрон тижоратда шахсга доир маълумотлардан шартнома мақсадидан ўзга мақсадларда фойдаланиш ҳамда уларни учинчи шахсларга бериш тақиқланади. (Ўзбекистон Республикасининг 22.05.2015 йил № 385-сон қонуни, 18-моддаси)
3. “Ҳақиқатдан йироқ бўлган таклифлар”. Сайтнинг умумий кўринишини кўздан кечиринг
Сотувчининг веб-саҳифасини диққат билан кўздан кечиринг. Унинг профессионал тарзда расмийлаштирилганлигига ишонч ҳосил қилинг. Аксарият шубҳали сайтларда имло хатолари, маҳсулотнинг сифатсиз тасвирларига ёки фаол бўлмаган ҳаволаларга дуч келасиз.
“Aрзон” ёки “арзонлаштирилган” каби сўзларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилишига эътибор беринг, одатда профессионал сотувчилар бундай товарларни “ажойиб таклиф” деб аташади. Шубҳали номга эга онлайн савдо дўконлари товарга ҳаддан зиёд паст нархни таклиф қилишлари, кейин эса бу маҳсулот ҳозирда мавжуд эмаслигини рўкач қилиб ўрнига бошқа маҳсулотни сотишга ҳаракат қилишлари “жалб этиш”нинг энг кенг тарқалган усулларидан ҳисобланади. “Ҳақиқатдан йироқ бўлган таклифларни учратсангиз” ҳам ҳарид қилишдан сақланинг.
Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. (Ўзбекистон Республикасининг 26.04.1996 йил 221-I-сон қонуни, 21-моддаси)
4. Маҳсулотни диққат билан ўрганинг
Шуни унутмаслик керакки, сотувчининг маҳсулот ҳақида истеъмолчига маълумот бериши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Харид қилишдан олдин истеъмолчи маҳсулот ҳақида ишончли маълумот олиши керак.
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. (Ўзбекистон Республикасининг 26.04.1996 йил 221-I-сон қонуни, 6-моддаси)
Сотувчи маҳсулот тўғрисида қуйидагиларни кўрсатиши шарт:
асосий хусусиятлари;
унинг жойлашган жойи ва товар ишлаб чиқарилган жой;
компаниянинг тўлиқ корпоратив номи;
маҳсулот нархи;
товарларни сотиб олиш ва етказиб бериш шартлари;
тўлов тартиби;
хизмат муддати, сақлаш муддати ва кафолат муддати
- Маҳсулотни қайтариш
Маҳсулотнинг кўриниши, истеъмол хусусиятлари ва сотиб олиш фактини ва шартларини тасдиқловчи ҳужжат сақланиб қолса, маҳсулотни қайтариб беришингиз мумкин. Бундай ҳужжатнинг йўқлиги истеъмолчининг ушбу сотувчидан товар сотиб олганлигининг бошқа далилларига мурожаат қилишига тўсқинлик қилмайди.
Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.[1] (Ўзбекистон Республикасининг 26.04.1996 йил 221-I-сон қонуни, 18-моддаси)
Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга йетти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида еса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт. (Ўзбекистон Республикасининг 26.04.1996 йил 221-I-сон қонуни, 11-моддаси)
Нуқсонли маҳсулот сотилган тақдирда харидор ўз танловига асосан қуйидагиларни талаб қилиши мумкин:
камчиликларни бепул бартараф этиш ёки уларни тузатиш учун харидорнинг харажатларини қоплаш;
товарлар нархининг мутаносиб равишда пасайтириш;
Интернет орқали харид қилганингизда, сиз Қонун билан ҳимоялангансиз!
[1] Ўзбекистон Республикасининг 75-сон Чакана савдо қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати мавжуд.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг таҳлил ва стратегик дастурларни ишлаб
чиқиш йиғма бошқармасининг етакчи мутахассиси Лазиза Шарифова
28,976