Ижтимоий тармоқларда инсон соғлиги учун шифобахш ҳисобланган маҳсулотлар рекламаси кўп учрайди, бундай рекламалар ҳақиқатга қанчалик яқин?
Ижтимоий тармоқларда сиз қисқа муддатларда вазн йўқотиш учун мўъжизавий дорилар ёки юз терини ёшартирадиган крем рекламалари тез-тез кўзингиз тушган бўлиши мумкин. Одатда, бундай реклама ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларнинг қизиқишларига қараб (қидирув тизимга берилган сўровлар, хештег, обуна орқали) пайдо бўлади, яъни, реклама берувчилар ижтимоий тармоқлар орқали мақсадли аудиторияни енгил топа олади ва бундан фойдаланиб истеъмолчи учун зарур бўлган маълумотни рекламада жойлаштиради.
Бирлашган Қиролликнинг Which? мустақил истеъмолчилар ташкилоти (кейинги ўринларда – ташкилот) соғлиқ учун мўлжалланган маҳсулотларни сохта реклама жойлаштириш орқали ижтимоий тармоқларда реклама қилиш қанчалик осон эканлиги ва уларни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар мавжудлиги билан қизиқди.
Буни аниқлаш учун, ушбу ташкилот мавжуд бўлмаган қадоқланган ичимлик суви ўйлаб топади ва унга “Natural Hydration” деган ном беради, сохта маслаҳатлар ва маҳсулотнинг соғлиққа ижобий таъсири мавжудлиги тўғрисидаги фикрлар ўйлаб топган ҳолда уни Facebook ва Googleнинг минглаб фойдаланувчилари орасида эълон тариқасида тарқатади. Google эса, деярли текширмасдан, ушбу сохта маҳсулотни, ичимлик суви тўғрисида, ёки мисол учун «сув идиши» каби қидирувларни амалга оширган ўз фойдаланувчиларига қидирув натижалари сифатида намоён этган. Атиги бир ой ичида жойлаштирилган сохта реклама 100.000 марта фойдаланувчилар томонидан кўриб чиқилди. Бундан ташқари, ташкилот Facebook ижтимоий саҳифасида ушбу сохта бренд номига ҳеч қандай тўсқинликсиз саҳифа очиб, уни илгари суриш учун маълум маблағни ажратади. Деярли бир ҳафта ичида, саҳифага ташриф буюрганларнинг 500 дан ошиғи “like” белгиси босишади, демак, ташкилот қисқа муддатда ўзига зарур бўлган мақсадли аудиторияга эга бўлди ва энди бемалол хоҳлаган нотўғри маълумотни тарқатиши ёки ёлғон реклама акцияларни ташкил этиши мумкин. Facebookнинг ўз ижтимоий тармоғида нотўғри рекламани тарқатиш бўйича чекловларига қарамасдан, ташкилот осонлик билан чекловлардан ўтиб сохта брендни реклама қилишни муваффақиятли амалга оширди. Бундай фирибгарлик билан жойлаштирилган сохта саҳифалар ва маҳсулотлар тўғрисидаги ёлғон эълонларнинг ижтимоий тармоқлардаги асл сони қанча эканлигини тасаввур қилиш қийин.
Google ва Facebook каби онлайн платформалар ўз даромадининг катта қисмини айнан рекламаларни жойлаштиришдан ишлаб топади. Ушбу жараёнларнинг кенг миқёсда амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда, Which? ташкилоти йирик онлайн платформаларнинг жавобгарлигини оширишни ва рекламани жойлаштиришда шаффофликни таъминлашга чақиради. Ўз навбатида, ташкилот истеъмолчиларга интернет тармоғида сохта рекламани фарқлаш бўйича бир қатор тавсияларни таклиф этади:
- Маҳсулотни ким илгари сурмоқда. Компания расмий манзили ёки боғланиш учун алоқалари мавжуд эканлигига ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклига эътибор қаратинг.
- Сифатига эътибор беринг. Агар реклама ноанъанавий форматга эга, тасвирлари сифатсиз бўлса, ёзувларда имло ва грамматик хатолар мавжуд бўлса, демак ушбу реклама сохта.
- Сўз ўйинларига учманг. Тез бойлик орттириш, соғлиқни яхшилаш ва шу каби баландпарвоз ибораларга ишонманг.
- Шикоят қилинг. Агар сиз сохта рекламага дуч келдим деб ҳисобласангиз, унда “report« ёки »шикоят қилиш/пожаловатся” тугмачасини босиш орқали хабар беринг, одатда ушбу тугмалар барча ижтимоий тармоқларда мавжуд.
Таъкидлаш жоизки, ушбу тавсиялар, айниқса МДҲ мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонда жойлаштирилаётган рекламаларга ҳамда телеграм-мессенжер гуруҳлари ва каналларидаги эълонларга нисбатан жуда ҳам ўринли бўлиши мумкин.
Синов тариқасида Which? Истеъмолчилар ташкилоти томонидан ўйлаб топилган сохта бренд рекламаси “Сиз осонгина вазн йўқотмоқчимисиз? Remedii олинг”.
18,768