Реклама соҳасидаги ўрганишлар.
Маълумки, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча огоҳлантирувчи чора-тадбирлар, кучайтирилган карантин шароити белгиланган. Бу даврда аҳолининг ўзини ўзи сақлаш мақсадида етказиб бериш хизматларидан фойдаланиши табиий, албатта.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан олиб борилган мониторингларда ҳозирда жуда ҳам оммаллашиб бораётган ташиш хизматлари (етказиб бериш) фаолияти ёки онлайн равишда банк пластик карточкаларини етказиб бериш (он лайн хизматлари) рекламаларида ҳам бир қатор камчиликлар (муаммолар) аниқланган.
Жумладан, бундай хизматлар рекламаларида “бепул етказиб бериш хизматлари”, “карантин пайтида фақат бизда бепул етказиб бериш хизмати”,
“тез етказиб берамиз”, “биз юкларингизни етказиб берамиз”, “сизга керак бўлган ҳамма нарсани етказиб берамиз”, “хоҳлаган ерингизга (жойингизга) етказиб берамиз”, “харидни кейинга қолдирманг, ўзингизни автомобилда ҳимоя қилинг”, “етказиб бериш фақат Тошкент бўйлаб” каби иборалар қўлланмоқда. Албатта, бундай мантиқан нотўғри берилган реклама матнларини ўқиган киши уни хорижий тилдан айнан сўзма-сўз таржима қилингани сабаб ўз маъносини йўқотганини билиши қийин эмас.
Бундан ташқари, етказиб бериш хизмати қайси туман (шаҳар)ларда ёки банк филиаллари мавжуд бўлган жойларда амалга ошириш мумкинлиги ҳақида истеъмолчиларга ахборот тақдим этилмаяпти.
Бироқ рекламада истеъмолчи учун ахборотлардан асосийси товарни бепул етказиш доираси, хизмат ҳақи, тўлов тури, қўшимча хизматлар учун тўловлар, буюртманинг талаб этиладиган энг кам миқдори ёки етказиб берилиши лозим бўлган юкларнинг ҳажми (минимал ва максимал) ва тури (қурилиш моллари, чиқинди ва бошқа) кўрсатиб ўтилмаган.
Ушбу рекламаларда хизматнинг асосий шарт ва талаблари тўғрисида нотўғри ва чалғитувчи ахборот берилиши натижасида томонлар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар юзага келиши ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши мумкин.
Яна бир оммалашган жараёнлардан (фаолият турлари) бири бу тўлов тизимлари орқали пул тўлаш ёки пул ўтказиш хизматлари рекламаларидир.
Бундай рекламаларда, ҳеч қандай асосларга эга бўлмаган ҳолда орттирма даражадаги “барча хизматлар учун тўлов”, “барча хизматлар бир саҳифада”, “Ўзбекистонда биринчи марта” ёки “Ўзбекистонда ягона” каби иборалар қўлланилмоқда.
Маълумки, реклама — бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборот ҳисобланади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари, телеграм каналлари ва реклама агентликларига нотўғри ва чалғитувчи рекламаларни тарқатмасликлари бўйича эслатма хати юборилди.
Рекламалар инсонларнинг кундалик ҳаётида зарур восита эканлигини инобатга олган ҳолда уни қонун ҳужжатларига қўйиладиган тартибларига ҳам амал қилиниши шарт. Уларда истеъмолчиларга товар (иш,хизматлар) ҳақида тўлиқ ва тўғри маълумот берилиши, матнларда мақсад тушунарли ва аниқ кўрсатилиши зарур.
5,838