Ўзбекистон Республикасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда 2020 йил 24 мартдан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиблар жорий этилди.Мазкур тартиб асосида идоравий бўйсунувчи ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофий тарзда) ташкил этиш чоралари ҳам кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳам фаолияти айнан долзарблиги, истеъмолчилар билан боғлиқлиги инобатга олинган ҳолда бошқа ташкилотлар қаторида масофавий тарзда ишни ташкил этди.
– Масофадан туриб ишлаш учун аввало ходимларга техник имкониятлар яратилди, – дейди Агентликнинг Таҳлил ва стратегик дастурларни ишлаб чиқиш йиғма бошқармаси бошлиғи Фаррух Мадаминов. – Улар зарур техника жиҳозлари билан таъминланди, интернет орқали ишлашлари учун қулайлик яратилди. Агентлик ходимларни иш жараёнида керакли ҳужжатлардан фойдаланиши учун дастурчилар томонидан ягона умумий сервер яратилди. Асосийси, топшириқлар ва керакли ҳужжатлар тақдим этилиши, уларнинг ўзаро алмашинуви тўғри ташкил этилгани боис фаолиятимиз самарали ва узлуксиз давом этмоқда. Шунингдек, телеграм мессенжеридаги ягона канал орқали режимдаги ҳар қандай вазифа ва масалаларни муҳокама қилиш мумкин. Буларнинг барчаси фаолиятимизни узлуксиз давом эттиришда яхши самаралар бермоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.09.2019 йилдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сонли қарорига биноан Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик мамлакатимизда кучайтирилган тартиб жорий этилган куннинг биринчи куниданоқ асосий эътиборни аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратмоқда. Бу борада коронавирус пандемияси даврида маҳсулотлар қандай танланади, маҳсулотларни масофадан сотиб олиш, буюртма бериш ва уларни қабул қилишга қўйиладиган санитария-гигиена тартиб-қоидалари бўйича буклетлар тайёрланиб,электрон тарзда тақдим этиб бормоқда. Сайтдаги айрим ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан берилган саволларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда.
Бугунги кунда истеъмолчиларнинг мурожаатларини тезкор равишда қабул қилиш ва кўриб чиқилиши таъминланган. Агентликнинг https://consumer.uz/ веб-сайти ҳамда қисқа рақамли 1159 ишонч телефони орқали истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар рўйхатдан ўтказилиб, тегишлилиги бўйича ҳудудий бошқармаларга ўз вақтида йўналтирилмоқда.
Албатта, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мазкур вазифаларни амалга оширишдаги иш самарадорлиги биринчи навбатда ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти ва интизомига боғлиқ. Коронавирус пандемияси ва ўзини изоляция қилиш режимига қарши курашнинг қийин даврига қарамай Агентлик ходимлари истеъмолчиларга ўзларининг ваколатларидан келиб чиққан ҳолда муайян муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беришга ҳаракат қилмоқдалар.
ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ АГЕНТЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
6,064