Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, четдан олиб келинадиган ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотишда қўлланиладиган чекланган савдо устамалари белгиланган. Яъни, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан (базавий нархидан) 15 фоиздан ва чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Бунда, базавий нарх улгуржи сотувчилар учун умумий савдо устамасини ҳисоблаб олиш учун зарур ҳисобланади.
Бироқ, амалиётда айрим фармацевтика фаолияти субъектлари томонидан дори воситалари тиббий буюмларни улгуржи реализация қилишда ҳисоб-фактурада маҳсулотнинг базавий нархини кўрсатмаслик, умуман ҳисоб-фактурларни нотўғри расмийлаштириш ҳолатларига йўл қўйишмоқда.
Хўш, дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилишда ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш хусусиятлари қандай?
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-сонли қарори билан ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган бўлиб, ҳисобварақ-фактурада қуйидаги маълумотлар акс эттирилади (ҳисобварақ-фактура намунавий бланкаси қуйида келтирилган):
1-устунда-товарлар номи;
2-устунда-товарларнинг серияси;
3-устунда-товар ўлчов бирликлари;
4-устунда-дори воситаларни ёки тиббий буюмларни ҳар бир ўлчов бирлигига сотиб олиш нархи (базавий нарх) ёки сотишнинг асосий баҳоси (ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда);
5-устунда-асосий баҳодан ўсиб борувчи якун билан фоиз кўринишидаги савдо қўшимчаси (устамаси). Агар бир нечта улгуржи савдо ташкилотлари дори-дармон ва тиббий буюмларни етказиб беришда иштирок этаётган бўлса, савдо қўшимчаси (устамаси) умумий ҳолда аниқланади;
6-устунда-ўлчов бирлигидан келиб чиқиб миқдор (ҳажм);
7-устунда-ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда савдо қўшимчасини (устамасини) ҳисобга олган ҳолда товарнинг нархи;
8-устунда-реализация қилинган товарлар, кўрсатилган хизматлар жами сонининг (ҳажмининг) акциз солиғини қўшган ҳолдаги (ҚҚСсиз) қиймати.
9-устунда-ҚҚС ставкаси;
10-устунда-товарларни сотиб олувчига тақдим этиладиган ҚҚС суммаси;
ҚҚС тўловчилари ҳисобланмаган ёки реализация қилиш бўйича айланмаси ҚҚСдан озод этиладиган товарларни реализация қилувчилар томонидан 10-устунда «Қўшилган қиймат солиғисиз» ёки «ҚҚСсиз» ёзуви қайд этилади;
11-устунда-реализация қилинган товарларнинг ҚҚСни қўшган ҳолдаги жами қиймати;
якунловчи сатрда-8, 10 ва 11-устунлар бўйича суммалар жамланади.
Маркировкаланадиган товарлар реализация қилинганда ҳисобварақ-фактурада маркировкалаш коди кўрсатилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 47-моддасига мувофиқ, товарларни (хизматларни) реализация қилишда ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шартлиги белгиланган.
Солиқ кодексининг 225-моддасига асосан, ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартибини бузиш – маҳсулот етказиб берувчиларга ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи суммасининг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бошқарма бошлиғи Фаррух МАДАМИНОВ
6,968