Хонадонида қурилиш ишларини бошлаган У.Н. Ўзбекистон туманида жойлашган “Moderna Cement Industries” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонадан цемент сотиб олди. Бир қарашда цементнинг ташқи кўриниши сифатлига ўхшади. Аммо истеъмолчи ушбу корхонага ишонч билдириб цементни қўли билан ушлаб кўрмади, ҳатто сертификатини ҳам сўрамади..
Уйга келтириб туширилган цементни ишлатиш жараёнида яроқсизлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, қоплари ичидаги ярим қисм цементлар қотиб қолганди. Фойдаланишнинг имкони бўлмагач У.Н нима қиларини билмай қолди. Бир томонда усталар ўз ишни бошлай олмаган бўлсалар, иккинчи томондан уни қандай қилиб алмаштириб олиш тўғрисида боши қотди. Ахир цемент энг муҳим қурилиш материали , у сифатсиз бўлса инсон ҳаёти учун катта хавфларни туғдириши мумкин-ку?!.
Шу ҳаёлда истеъмолчи юзага келган ҳолат бўйича корхонага мурожаат қилиб, ўзининг қонуний эътирозларини билдирди. Корхонадан вакил келиб, ҳолат билан жойида танишиб ҳам кетди. Истеъмолчининг қонуний талабларини қондирилиши бўйича ваъдалар ҳам берилди. Бироқ масала ҳал қилинмай қолгани боис Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилди. Агентликнинг Фарғона вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан муаммо ўрганилди. Ҳақиқатан ҳам бу қурилиш материали корхонада нотўғри сақланганлиги сабабли сифатсиз ҳолга келгани маълум бўлди. Шу сабабли цемент маҳсулоти учун тўланган 5 000 000 сўм истеъмолчининг талабига кўра МЧЖ томонидан қайтариб берилишига эришилди.
8,920