“МАҲАЛЛАМИЗГА СУВ КЕЛГАНИ УЧУН АГЕНТЛИКДАН МИННАТДОРМИЗ”
“Маҳалламизда 120 та хонадон яшайди. Томорқадан олинадиган даромад билан тирикчилигимизни ўтказамиз. Қатор йиллардан бизни ичимлик суви муаммоси қийнаб келаётганди. Ҳудудимиз 2018 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилди ва негадир қурилаётган 1 дона янги ичимлик суви минораси ҳамда 2,1 км ичимлик суви тармоғи тортиш ишлари якунига етказилмасдан қолиб кетди.
Маҳалла аҳли қишлоғимиздан ўтадиган сойнинг нариги бетидаги хусусий корхонадан резина қувур орқали олиб ўтилган кичик босимдаги сувдан фойдаланади. У ҳам вақти-вақти билан тўхтаб ҳам қолиши туфайли катталару кичикларнинг 5 соаталаб навбат кутишига тўғри келаётганди.
Айниқса бу йил оқин сувининг йўқлиги маҳалладошларимизни бирдек қийин аҳволга солди. Сувга бўлган талабимизни икки карра ошириб юборди, десак тўғри бўлади. Эндиликда томорқадаги сабзавот ва мевалар, чорва моллари, паррандалар – ҳамма-ҳаммасига сув ташиш керак. Бир километр узоқликдаги масофадан бўзчининг мокисидек эртадан кечгача сув ташиймиз. Қанчадан-қанча томорқа экинларимиз, дов-дарахтлар қуриб қолаёзди.
Охир-оқибат қиладиган ишимиз ҳам, ўйлайдиган ташвишимиз ҳам фақат СУВ бўлиб қолди…
Неча йиллардан бери шундай аҳвол давом этмоқда. Айниқса қиш ойларида сув ташишни тасаввур қилинг. Ёзган мурожаатларимиз бир даста бўлди. Қачон ва қаерга мурожаат қилсак: “Ичимлик суви 2021 йилнинг 3-чорагида бўлади”, деган жавоб хати оламиз.
Бу ҳақда “Kun.uz” cайти ва “Sevimli” телеканалининг “Zamon” информацион дастурида ҳам муаммолар очиб берилди.
Яқинда қишлоғимизга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Фарғона вилояти ҳудудий тузилмаси ва “Фарғона Сув таъминоти” корхонаси келиб аҳвол билан яқиндан танишишди. Муаммони ҳал этиш учун корхона ўз ҳисобидан маблағ ажратиб 600 нафардан ортиқ аҳолини узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган қудуқ қазиш ишлари бошлаб юборилди.
Қувонарлиси, ичимлик суви қудуғи қазиш ишлари якунлангунга қадар хонадонларга махсус автотранспорт орқали ичимлик сувини ташиб бериш ҳам йўлга қўйилди.
Бизга берилган кўмакдан барчамиз Агентликдан миннатдор бўлдик.
“Тошқўрғоназиз” маҳалласи фуқаролари”
8,780