Электрон тижорат – бу интернет орқали товарлар ва хизматлар сотиш ёки сотиб олиш билан боғлиқ жараёндир. Бутун дунёда интернет-дўконга истеъмолчиларнинг ишончи ошиб бормоқда, маълумотларга кўра 2040 йилга келиб харидларнинг 95 фоизи интернет орқали амалга оширилиши кутилмоқда. 2017 йилда электрон тижорат 2,3 триллион долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб унинг 4,5 триллион долларга етиши тахмин қилинмоқда
(Kinsta Managed WordPress Hosting, 2020).
Расм манбаси: Shopify
- Ўзбекистонда электрон тижоратнинг ҳиссаси юқори эмас, унинг умумий савдо ҳажмидаги улуши тахминан 1% ни ташкил этади, аммо шунга қарамасдан, бу соҳанинг афзалликлари ҳисобига жуда тез ривожланиши кузатилмоқда. Онлайн дўконлар қулай ва ҳаридорлар вақтини сезиларли даражада тежайди. Бироқ, бу афзалликларга қарамай, фирибгарлик ёки маҳсулот(ҳизмат) нарҳи ва сифатидаги номувофиқликлар юзага келиши мумкин. Шунинг учун биз интернет орқали маҳсулот ёки ҳизматни сотиб олаётганда, истеъмолчи ўзини қандай ҳимоя қилиши бўйича бир қатор фойдали маълумотларни келтириб ўтдик.
- Электрон тижорат Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади.Интернетда маҳсулот ёки ҳизмат сотиб олишдан олдин нималарга эътибор бериш лозим?
- Сайт билан танишинг. Сайтдаги маълумотларни ўрганиш учун алоҳида вақт ажратинг. Дўкон ёки сотувчи ҳақида барча керакли бўлган маълумотлар мавжудлигини текширинг: боғланиш учун алоқалар, манзил, сотиб олишнинг расмий шартлари.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунининг 6 моддасига мувофиқ электрон тижоратни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс товарлар (ишлар, хизматлар) харидорига:
- юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган ҳолдаги тўлиқ номини ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини;
- почта ва электрон манзилини ҳамда ўзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида маълумотларни;
- қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда лицензияси борлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ахборотни тақдим этиши ёхуд унинг бундай ахборотдан фойдаланиш эркинлигини таъминлаши шарт.
- Буюртма шартлари. Товарларни буюртма қилиш шартларини диққат билан ўқинг. Асосий эътиборни тўловни қачон ва қайси кўринишда амалга оширилишига, қандай қўшимча ҳаражатлар (етказиб бериш, қадоқлаш) бўлиши мумкинлигига қаратиш лозим.
- Қўллаб-қувватлаш хизмати. Агар веб-сайтда мавжуд бўлган маҳсулотлар ҳақида маълумот етарли бўлмаса, мижозларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча маълумотларни сўранг.
- Ижтимоий тармоқлардаги дўконлар. Агар сиз бирон бир маҳсулотни ёки хизматни интернет орқали жисмоний шахсдан сотиб олмоқчи бўлсангиз, шуни ёдда тутингки, бу каби сотувчиларда юридик мажбурият бўлмайди ва сиз ўз ҳуқуқларингиз билан чекланган бўласиз.
- Ишончли етказиб берувчини танланг. Агар имконият бўлса, сотувчининг ёки дўконнинг рейтингига эътибор қаратинг. Одатда, онлайн платформаларда сотувчиларнинг рейтинг тизими мавжуд, уларда харидорларнинг фикр-мулоҳазалари қолдирилади.
- Чекни талаб қилинг. Интернет орқали товарларни сотиб олаётганда, сотувчидан тўловни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишини талаб қилинг. Бу орқали, агар маҳсулот нуқсонлар билан етказилса ёки буюртмангизга мос келмаса, уларни қайтариб бериш имкониятига эга бўласиз.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунининг 12 моддасига мувофиқ, электрон ҳужжатлардан битим тузилганлигининг далили сифатида фойдаланиш мумкин.
Электрон тижорат – бу савдо соҳасидаги нисбатан янги йўналиш. Бугунги кунда ушбу соҳада истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалиёти тўлиқ ривожланмаган ва қонуний ҳужжатлар билан етарли даражада таъминланмаган. Шунинг учун, интернет орқали товар сотиб олишда, сиз кўпроқ эҳтиёткорликка амал қилишингиз лозим.
Онлайн харидни амалга оширишда Сиз қандай муаммоларга дуч келгансиз?
Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим, ўз мулоҳазаларингизни бизга юборинг. info@consumer.uz
Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуни: https://www.lex.uz/acts/165497
8,749