Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг экспертиза натижалари
Кўпчилигимиз севиб истеъмол қиладиган маҳсулотлардан бири бу консерваланган гўшт маҳсулотларидир. Дўконлар ва савдо мажмуалари расталарини турли хил гўшт консервалари билан тўлиб тошганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Димланган консерва гўшт маҳсулотлари ассортиментига ҳар доим ҳам истеъмолчилар томонидан талаб юқори бўлган.
Истеъмолчининг консерваланган гўштни танлашдаги асосий муаммоси бу маҳсулотнинг маҳкамланган идишларда жойлашганлигидир, унинг сифатини фақатгина консерваланган идиш очилгандан кейин баҳолаш мумкин. Ушбу вазифани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги амалга оширди. Чакана савдода сотилаётган консерваланган гўшт маҳсулотларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида Aгентлик томонидан олтита консерва намуналари харид қилинди ва синовдан ўтказиш учун аккредитациядан ўтган лабораторияларга юборилди, ушбу намуналар қуйидагилар:
- Барс димланган мол гўшти, “Барс” МЧЖ, Россия (325 г);
- Экстра димланган мол гўшти, “Барс” МЧЖ, Россия (325 г);
- Asl димланган мол гўшти, “Doston Plyus” МЧЖ, Ўзбекистон (325 г);
- Ansor димланган мол гўшти, “Ansor Zohir” МЧЖ, Ўзбекистон (325 г);
- Димланган мол гўшти, “Marmaks” ҚК МЧЖ, Ўзбекистон (338 г);
- Raimov димланган мол гўшти, “Raimov” МЧЖ, Ўзбекистон (325 г).
ЭКСПЕРТИЗА НАТИЖАЛАРИ ХАҚИДА
Танлаб олинган гўшт консервалари намуналари ГОСТ 32125-2013 «Консервы мясные. Мясо тушёное», ГОСТ Р 54033-2010 «Консервы мясные. Мясо тушёное», ГОСТ 5284-84 «Консервы мясные. Говядина тушёная», Ts 16333554-001:2014, Ts 22758387-01:2015 талабларига мувофиқлиги синовдан ўтказилди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, маҳсулотлар айнан ишлаб чиқарувчи томонидан маҳсулот идишида эътироф этилган стандартлар талабларига мувофиқлиги бўйича синовдан ўтказилди.
Барча талабларга кўра сифатли ҳисобланган консерва маҳсулотларида маълум миқдордаги гўшт, ёғ ва оқсил бўлиши белгиланган. Бироқ, мазкур талабларга синов учун танлаб олинган барча намуналар ҳам жавоб бермаслиги маълум бўлди.
ОҚСИЛ МИҚДОРИ ҚАНЧА БЎЛИШИ КЕРАК?
Димланган консерва гўшт маҳсулотларини харид қилаётиб, биз ушбу маҳсулотнинг таркиби оқсилга бой бўлиши лозим деган ўйга боришимиз табиий. Оқсил бу гўштнинг асосий озуқавий қиймати бўлиб, стандартларга кўра консерва маҳсулотида 15% дан кам бўлмаслиги лозим, бироқ ….
- Экстра димланган мол гўшти, “Барс” МЧЖ, Россия (325 г) – оқсил умумий миқдори 12,65%.
- Asl димланган мол гўшти, “Doston Plyus” МЧЖ, Ўзбекистон (325 г) – оқсил умумий миқдори 10,32%.
- Raimov димланган мол гўшти, “Raimov” МЧЖ, Ўзбекистон (325 г) – оқсил умумий миқдори 12,63% ни ташкил этди.
ГЎШТ ҲИССАСИ ҚАНЧА?
Юқоридаги стандартлар талабларги яна бир бор юзланар эканмиз, уларга мувофиқ, консерваланган гўшт маҳсулотларида таркибий қисмларнинг (гўшт ва ёғ) ҳиссаси мол гўштидан қилинган консервада 58% кам бўлмаслиги белгиланган. Агентлик томонидан ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, айрим ишлаб чиқарувчилар кам харажат қилган ҳолда, кўп фойда олиш илинжида, ҳозирда қиммат гўшт маҳсулотини камроқ қўшишга ҳаракат қилганини кўришимиз мумкин. Демак:
- Asl димланган мол гўшти, “Doston Plyus” МЧЖ, Ўзбекистон (325 г) – гўшт ва ёғнинг умумий ҳиссаси 56,5%.
- Raimov димланган мол гўшти, “Raimov” МЧЖ, Ўзбекистон (325 г) – гўшт ва ёғнинг умумий ҳиссаси 49,2% ташкил этди.
Ўтказилган синов натижаларига кўра, ёғ умумий миқдорида яна бир қатор камчиликлар аниқланди, хусусан, меъёрларга мувофиқ, унинг ҳиссаси 17%дан ошмаслиги белгиланган бўлса, Экстра ”Барс” МЧЖ, Россия (325 г) димланган мол гўштида унинг ҳиссаси 20,6% эканлиги аниқланди. Шунингдек, нормативларда ош тузининг миқдори 1,0-1,5% бўлиши кўрсатилган, бироқ Asl ”Doston Plyus” МЧЖ, Ўзбекистон (325 г) димланган мол гўштида туз ҳиссаси 2% ни ташкил этгани маълум бўлди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан юқоридаги маҳсулотлар намуналарини синовдан ўтказиш натижалари бўйича маълумотлар камчиликларни бартараф этиш ҳамда мувофиқлик сертификатини тўхтатиш ва зарур ҳолларда бекор қилиш учун тегишли ваколатли органларга юборилди.
Экспертиза натижаларига кўра, фақатгина учта маҳсулот намуналари сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларига жавоб бериши маълум бўлди, булар:
- Барс димланган мол гўшти, “Барс” МЧЖ, Россия (325 г);
- Ansor димланган мол гўшти, “Ansor Zohir” МЧЖ, Ўзбекистон (325 г);
- Димланган мол гўшти, “Marmaks” ҚК МЧЖ, Ўзбекистон (338 г);
Ҳурматли истеъмолчилар, Агентлик томонидан ўтказилаётган экспертиза натижаларига алоҳида эътибор беришингизни ҳамда фақатгина хавфсиз маҳсулотларни харид қилишингизни тавсия қиламиз.
12,345