Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан реклама бозорини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот
Ассалому алайкум, ҳурматли йиғилиш иштирокчилари.
Агентлик икки йўналишда, яъни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш йўналишида ўзининг асосий иш фаолиятини олиб боради.
Рухсатинглар билан, Агентлик томонидан ўтган даврда реклама бозорини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтаман.
Маълумки, реклама фаолияти “Реклама тўғрисида”ги қонун ва бошқа 10 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Агентлик томонидан реклама бозорини тартибга солишни нафақат назорат функциялари орқали, балки тушунтириш ва профилактика ўтказиш, қонунбузилиш ҳолатини олдини олиш чораларини кўриш йўли билан амалга оширишга кўпроқ эътибор қаратган. Хусусан, назорат ва профилактика тадбирларини ўтган йилларга нисбатан оширилиши ҳисобига, ҳуқуқбузарликлар сони ва даражасини камайтиришга эришмоқдамиз.
Жумладан, ташқи реклама воситаларини қонун ҳужжатлари талабларига, уларни давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига тўлиқ риоя қилган жойлаштирилишини таъминлаш мақсадида 15 301 та реклама ва эълонларда ўтказилган кўрикда бир қатор камчиликлар аниқланган.
Шундан, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермайдиган 1,4 минг, давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига мос келмайдиган 102 та, эскирган ва транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қиладиган 4,9 мингта ташқи реклама конструкциялари аниқланган. Ушбу рекламалар тегишли бўлган шахслар билан ўтказилган тушунтириш ва профилактика тадбирлари натижасида 385 та реклама баннерлари демонтаж қилинди, 2,9 минг бошқа камчиликлар бартараф этилди.
Бундан ташқари, 120 та телевидениядаги реклама, 49 та радио реклама, 246 та босма нашрлардаги, 541 та Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги рекламалар амалдаги реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги ўрганилди.
Шундан, интернет ва ижтимоий тармоқларда ўтказилган ўрганишлар давомида 55 та ҳолатда алкогол ичимликлари, 29 та ҳолатда тамаки маҳсулотлари, 137 та ҳолатда БАД ва турли дори воситалари рекламаси, 169 та ҳолатда товар ва хизматлар рекламалари қонун талабларига номувофиқлиги аниқланган ҳамда уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган.
*****
Юқорида айтиб ўтилганидек, реклама соҳасида ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида Агентликда реклама лойиҳаларини олдиндан кўриб чиқиш амалиёти мавжуд бўлиб, ўтган даврда 40 та реклама лойиҳалари юзасидан тегишли хулосалар ва қонун нормаларини тўғри қўллаш бўйича тушунтиришлар берилган.
Бундан ташқари, реклама берувчи (тайёрловчи, тарқатувчи, буюртмачи)ларни қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан турли соҳа ва йўналишда 30 та огоҳлантириш хатлари берилди ҳамда бу тўғрисида ОАВ ва Агентликнинг расмий веб-сайтида ёритиб борилмоқда.
Хусусан, антибактериал ва антисептик воситалар рекламаси;
Коронавирус (COVID-19) инфекциясини даволаш ва профилактика қилиш учун мўлжалланган дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа даволаш усуллари рекламаси;
алкогол ва тамаки маҳсулотлари рекламаси;
энергетик ичимликлар рекламасига қўйилган талаблар;
вирус блокаторлар ва тиббий ниқоблар рекламаси ва бошқалар тўғрисида йўл қўйилаётган камчиликлар ва қонун талаблари тушунтирилган.
****
Яна бир амалий чора-тадбирлардан бири бу ташқи рекламани жойлаштириш соҳасида норматив ҳуқуқий базани шакллантирилганлиги.
Реклама тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасида ташқи рекламани жойлаштириш тартиби маҳаллий ҳокимликлар томонидан ишлаб чиқилиши белгиланган бўлиб, шунга кўра барча вилоятларда ҳар хил талаб ва ҳар хил тарифлар амалда бўлган. Техник талаблар ва нормативлар бўлмаган.
Бу эса ўз навбатида, биринчидан ушбу соҳада тартибсизлик келтириб чиқарган бўлса, иккинчидан соҳани барча ҳудудларда бир текис ривожланишига ва барча вилоятларда тенг шароитлар яратилмаслигига олиб келганди.
Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида реклама бозори иштирокчиларининг таклифлари ва хорижий тажриба асосида ташқи рекламани жойлаштиришнинг ва тариф белгилашнинг ягона тартиби ишлаб чиқилди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорнинг асосий мақсади тарихий-шаҳарсозлик муҳити ва туман (шаҳар)ларнинг мавжуд бинолари меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, реклама конструкцияларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишни тартибга солишни назорат қилиш, ташқи реклама соҳасининг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқларни таъминлайдиган тамойиллар ва шартларни шакллантиришдан иборат.
Мазкур қарор ижросини таминлаш мақсадида аввало туман (шаҳар)ларда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан 12 мингдан зиёд ташқи рекламалар қарор талабларига мослиги юзасидан хатловдан ўтказилган. Бундан қарор талабларига мос келмайдиган объектлар (конструкциялар) 6,8 мингтани (56,3 %) ташкил этди. Қарор талабларига мос келмайдиган конструкциялар эгаларига махаллий ҳокимиятлар томонидан 3 мингдан ортиқ кўрсатма (огоҳлантириш) хатлари юборилган. Бугунги кунда қарор талабларига мос келмайдиган объектлар (конструкциялар)ни қарор талабларига мослаштириш ва демонтаж ишлари давом этмоқда.
****
Агентлик томонидан мамлакатимизда ва ўз иш фаолиятида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, шу билан бирга ҳозирги кунда муҳим давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қиқлиш агентлиги томонидан 2019 йилда “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, 2019 йил 12 октябрда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.
Маълумки, амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади. Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасидаги оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини «Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширадилар.
Таъкидлаб ўтилган Қонуннинг 20-моддасида қонун, белгилар, эълонлар, нархлар ёрлиқлари ва бошқа визуал, шунингдек оғзаки маълумотлар давлат тилида тузилади ва эълон қилинади ва қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкин.
«Давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг 16 ва 17-моддаларига мувофиқ давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда ҳам кўрсатувлар олиб борилмоқда (16-модда). Шу билан бирга, нашр қилиш давлат тилида ва эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда бошқа тилда амалга оширилади (17-модда).
Шундан келиб чиқиб, чекловлар жорий этилиши, яъни рекламаларни давлат тилида тарқатилиши бошқа тилларда фаолият юритадиган оммавий ахборот воситаларига таъсир қилмайди.
Масалан, республикамизда рўйхатга олинган оммавий ахборот воситаларининг 13 фоиздан ортиғи бошқа тилларда фаолият юритади.
Хусусан, республикада фақат рус тилидаги («Правда Востока»), тожик («Овози точик»), қорақалпоқ («Нурлыжол»), туркман («Мекан»), инглиз («Business Partner») ҳамда бошқа тиллардаги босма оммавий ахборот воситалари мавжуд,ўз навбатида аудиторияси ўзбекзабон бўлмаган шахслар учун, ўзбек тилида реклама қилиш ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкин. Реклама истеъмолчиларига (шахс ёки шахслар гуруҳига) қаратилган бўлиши керак.
Шу муносабат билан ҳамда хорижий давлатларииннг қонунчилик тажрибаси асосида янги қонун лойиҳасида реклама тилига оид бир қатор нормалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади ва таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкин.
Бунда, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузмаслиги;
ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилида берилган матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолатда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
босма нашрларда ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матнли, аудио ва видео форматдаги умумий реклама майдонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
теле ва радиоканалларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тилларда бериладиган таржимаси кунлик умумий реклама ҳажмининг 20 фоиздан ошмаслиги керак.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида белгиланган талаблар қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
фақат бошқа тилларда фаолият юритадиган радио эшиттириш ва теледастурлар, босма оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурсларига;
хорижий тилларда тарқатилган телекўрсатувлар олдидан, кейин ва кўрсатув давомида ҳамда босма оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида олдин, кейин ва ичида хорижий тилларда жойлаштирилаётган рекламаларга;
белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар).
Янги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама фақатгина давлат тилида, яъни ўзбек тилида тарқатилади ва қўшимча равишда ушбу реклама мазмунинининг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкин бўлади.
Ўз навбатида, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси унинг асосий маъносини бузмаслиги кераклиги асосий талаб ҳисобланади.
Шунингдек, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимасига ҳам бир қатор талаблар қўйилмоқда.
Хусусан, ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилида берилган матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолатда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
босма нашрларда ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матнли, аудио ва видео форматдаги умумий реклама майдонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
теле ва радиоканалларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тилларда бериладиган таржимаси кунлик умумий реклама ҳажмининг 20 фоиздан ошмаслиги керак.
8,816