Тарихи
1962 йилнинг 15 март куни АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Жон Фицжеральд Кеннеди Конгрессдаги чиқишида қилган маърузасида истеъмолчиларнинг қуйидаги бир қатор асосий ҳуқуқларини санаб ўтган эди:
— танлаш ҳуқуқи;
— хавфсизлик ҳуқуқи;
— ахборот олиш ҳуқуқи;
— эшитилиш ҳуқуқи.
Кейинчалик, бу ҳуқуқлар қаторига қуйидагилар ҳам киритилган:
— зиённи қоплатиш ҳуқуқи;
— истеъмолчилик таълими ҳуқуқи;
— асосий эҳтиёжларининг қондирилиши ҳуқуқи;
— соғлом атроф табиий муҳитга эгалик ҳуқуқи.
Ўшанда истеъмолчилар ҳуқуқи илк маротаба бундай юксак мақомда муҳокама қилинган эди. Шу боис, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарорига биноан, Бутунжаҳон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни АҚШ етакчиси Жон Фицжеральд Кеннедининг айнан юқоридаги маърузаси янграган санада нишонланади.
1983 йил 15 март
Бутунжаҳон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни (World Consumer Rights Day) дастлаб худди шу куни байрам қилинган ва ўшандан буён ҳар йили мунтазам ўтказиб келинади. Эътиборлиси, ушбу сана ҳар йили Халқаро истеъмолчилар иттифоқи ташкилоти (Consumers International, CI) томонидан маълум бир мавзуга бағишланади.
Хусусан, ўтган 2019 йили бу кун “Ишончли “ақлли” маҳсулотлар” шиори остида нишонланган.
Истеъмолчиларнинг кундалик ҳаётида “ақлли” маҳсулотлар улушининг тобора кўпайиши туфайли уларнинг хавфсизлиги ҳамда ҳимояланганлигини таъминлаш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўтган йили ташкил қилинган тадбирларда айнан шу муаммоларга ечим изланиб, рақамли маҳсулотлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш масалалари танқидий кўриб чиқилди.
15 март санаси — Ўзбекистонда
Бутунжаҳон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни бизда ҳам анчадан буён, аниқроғи, 1996 йил 26 апрель куни мамлакатимизда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан бери нишонлаб келинади. Бугунги кунда, айтиш мумкинки, замонавий дунёнинг энг сўнгги тенденциялари билан уйғунлаштириш мақсадида мазкур Қонунга бир қатор ўзгартир ва қўшимчалар киритиш устида иш олиб борилмоқда.
Масалан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хорижий давлатларнинг соҳага доир тажрибаларини, хусусан жамоат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг ролини ошириш бўйича амалиёти ўрганилиб, юртимизда ушбу тармоқ бўйича жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқларини кенгайтиришга оид таклиф билан чиқишга қарор қилинди.
Ҳар йили баҳор фаслининг илк ойларида истеъмолчилик маданияти ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорликни оширишга қаратилган туркум тадбирлар ўтказилади.
Жорий йилда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан мазкур санага бағишлаб махсус дастур тайёрлаган. Қолаверса, тадбирлар 2020 йилги мавзуни ўз ичига қамраб олгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, 2019 йили “Ишончли “ақлли” маҳсулотлар” мавзуси илгари сурилган эди.
Бутунжаҳон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунининг 2020 йилдаги мавзуси хусусида эса келгуси мақоламизда сўз юритамиз.
9,299