Олдинги мақоламизда айтиб ўтганимиздек, Бутунжаҳон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни 15 март санасида нишонланади. Ва ҳар йили Consumers International халқаро ташкилоти анъанавий равишда тадбирнинг маълум бир соҳага йўналтирилган мавзусини эълон қилади.
Масалан, жорий йилда мазкур сана “Барқарор истеъмолчи — Бутунжаҳон истеъмолчи ҳуқуқи” шиори остида байрам қилинади.
Маълумот учун: Consumers International жаҳон истеъмолчилар гуруҳлари учун халқаро аъзолик ташкилоти ҳисобланади.
Барқарор ривожланиш ва истеъмол
БМТ Комиссиясининг 1987 йилги ҳисоботида илк маротаба “барқарор ривожланиш” иборасидан фойдаланилган эди. Мазкур тушунча келгуси авлоднинг ҳам ресурслардан ўз эҳтиёжлари йўлида фойдаланишларини ўйлаб, бугун эҳтиёжларимизни саломатлик ва атроф-муҳит учун энг кам зарарли харажатлар билан қондирадиган жамиятни ривожлантиришни назарда тутади.
Барқарор истеъмол — барқарор ривожланишнинг бир қисми бўлиб, табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда маҳсулот ва хизматлар харидига оқилона ёндашишдан иборат. Барқарор истеъмол атроф табиий муҳитни ифлослантирадиган, устига-устак, қайта ишлашга мўлжалланмаган маиший чиқиндилардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланишга қарши курашади. Бугунги кунда худди шундай барқарор ёки оқилона истеъмол замонавий ҳаётнинг муҳим ва ажралмас қисмларидан бирига айланиб улгурган.
Мамлакатимизда барқарор ривожланиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Масалан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, хусусан, “яшил технология”ларга инвестициялар киритиш, ресурсларни иқтисод қилиш ва ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш бўйича меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) доирасида хорижлик шериклар билан изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг экологик ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли юмушлар олиб борилди, 13 та санитария жиҳатидан тозалаш давлат унитар корхонаси ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги 172 та филиали, шунингдек, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга оширишга ихтисослаштирилган 9 та кластер ташкил этилди. Мазкур чора-тадбирлар аҳолининг деярли ярми санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан қамраб олинишига имкон яратди.
Онгли истеъмол нима учун керак?
Истеъмолчиларнинг барқарор ёки онгли ҳаракати, бу — айни дамдаги эҳтиёжларни қондиришга қаратилган, шу билан бирга, фойда келтирувчи ёхуд атроф-муҳитга салбий таъсир ўтказишни чеклашга йўналтирилган ҳаракатлардир.
Бугунги кунда дунёда, айниқса, Шарқий Осиё мамлакатларида табиий ресурслардан фойдаланиш суръати тобора ошмоқда. Кўплаб давлатлар ҳаво, сув ресурслари ҳамда тупроқнинг ифлосланиши муаммоси билан тўқнаш келяпти.
БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб, сайёрамиз нуфуси 9,6 миллиард кишига етади. Бу эса уларни табиий ресурслар билан таъминлаш ва замонавий ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлаш учун худди она-Еримиз сингари учта сайёра керак, деганидир.
Шу боис бутун дунёда “яшил иқтисодиёт” тизимига ўтиш юзасидан саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти, ишлаб чиқарувчилар эса атроф табиий муҳитга кам зарар етказувчи янги технологиялардан фойдаланишга ўтишмоқда. Бироқ бу интилишларнинг барчаси ўз танлови орқали вазиятни яхши томонга ўзгартириши мумкин бўлган истеъмолчиларсиз етарли самарадор эмас.
Барқарор истеъмолни таъминлашда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аҳамияти
Истеъмолчилар ҳуқуқларининг тўлақонли ҳимояси барқарор ривожланишга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Consumers International халқаро ташкилотининг аниқлашича, бу хавфсиз ва соғлом жамият қуриш, адолатли ҳамда самарали иқтисодиётни шакллантиришга хизмат қилади.
Истеъмолчилик сиёсати анъанавий равишда истеъмолчилар саломатлиги ва хавфсизлигини, шунингдек нарх, сифат, танлов ҳамда қоплаш каби асосий иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган. Бу борадаги қонунчиликда ҳам истеъмолчиларга онгли танловларни амалга ошириш ва зарур бўлганда, масалан, маркетинг қонунбузарлиги ҳолатларида ҳуқуқий чоралар кўриш имкониятини бериш масалалари кўзда тутилади. Сўнгги пайтларда барқарор истеъмол соҳасида истеъмолчилик сиёсати равнақ топмоқда.
Барқарор истеъмолнинг мақбул даражасига эришиш йўлидаги асосий тўсиқлардан бири эса истеъмолчилар одатларига қарши курашишдан иборат.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда мазкур соҳага ихтисослаштирилган бошқа ташкилотлар экологик ва ижтимоий жиҳатдан барқарор ҳаёт тарзини тарғиб қилишда муҳим роль ўйнайди, дейиш мумкин. Чунки айнан улар ташвиқот ишларини олиб борадилар ҳамда истеъмолчиларни зарур ахборот билан таъминлайдилар. Шу орқали давлат сиёсати ва истеъмолчилик сиёсати уйғунлигида барқарор ривожланиш ҳамда истеъмол соҳасида ижобий ва самарали натижага эришиш мумкин.
Келгуси мақолаларимизда қандай қилиб онгли истеъмолчи бўлиш мумкинлиги ва бу бюджетни иқтисод қилишга қай даражада кўмаклашиши хусусида сўз юритамиз.
Фойдали ҳавола: https://www.consumersinternational.org/
6,429