Дунёнинг кўпгина ривожланган давлатлари қаторида республикамизда ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчиликни яратиш ҳамда ушбу соҳада олиб бориладиган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш учун халқаро тан олинган нормалар асосида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган.
Фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари даставвал асосий Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган бўлиб, унинг 53-моддасида Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилиши белгиланган.
24 йиллик тарихга эга бўлган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик республикамизнинг ҳуқуқ тизимини, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётининг ажралмас қисмига айланди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун сотувчи (иш, хизмат кўрсатувчи, ишлаб чиқарувчи, итжрочи) билан истеъмолчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб, истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари рўъёбга чиқарилишини таъминлайди.
Мазкур Қонунда истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилиниши Давлат томонидан кафолатланиши белгиланган.
Бунда, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, судлар таъминлайдилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги Фармони билан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги – истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун нормаларини янада такомиллаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан барча зарур чора-тадбирларни амалга оширади.
8,651