Андижон вилоятида аҳолига уй-жой ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар ходимларининг истеъмолчилик билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув семинарида вилоят Монополияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Ш.Ҳайдаров, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармаси бошлиғи И.Асқаровлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги, вилоят ҳудудий бошқармалари ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармалари ташкил этилгани ва уларга белгиланган бир қатор вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Дарҳақиқат, баъзида коммунал соҳада таъминотчи корхона томонидан истеъмолчи билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда хатоликларга йўл қўйилиши, хонадон билан тузилган шартнома шартларининг бузилиш ҳолатлари ҳам юзага келади.Бу борада тушган мурожаатлар мутахассислар томонидан ўрганилганда истеъмолчига қўйилган қарздорлик асоссиз эканлиги маълум бўлади. Бундай ҳолатлар ҳисоблагич приборлари билан ҳам боғлиқ бўлади. Тадбир давомида ҳисоблагичлар ва улар билан боғлиқ жараёнлар, энергия ресурслари ва уларни етказиб бериш ҳақидаги зарур маълумотлар, таъминотчи корхона томонидан ўзига қарашли тармоқларни соз ҳолатда сақлаш ва уларни таъмирлаш ишлари ва таъминотчи корхоналарнинг бошқа мажбуриятларга ҳам тўхталиб ўтилди. Шундан сўнг, истеъмолчилар ўзларини қизиқтираётган саволлар, ўйлантираётган муаммолари билан коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари масъул ходимларига мурожаат қилиб, тегишли жавоблар олишди, кўплаб муаммолар эса жойида ҳал этилишига эришилди. Ўқув семинарида соҳада юзага келаётган мавжуд баъзи камчиликларни тегишли ташкилотлар билан биргаликда бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар ҳам белгилаб олинди.
5,990