Маълумки, дунёнинг турли мамлакатларида ҳар йили август ойининг биринчи жумасида норасмий байрамлардан бири Бутунжаҳон Пиво куни нишонланади. Шу муносабат билан ҳар қандай қувватдаги пиво маҳсулотларини очиқ оммавий ахборот воситаларида, интернет ва ижтимоий тармоқларда реклама қилишнинг юқори фаоллиги кузатилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар рекламаси тақиқланиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Жамоат жойларда чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида” ва “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунларига асосан тамаки маҳсулотлари, чилим ва электрон сигареталар реклама қилиш тақиқланган
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан бир қатор ахборот воситалари (телевидение, радио, босма нашрлар), интернет ва ижтимоий тармоқларда тамаки, тамаки маҳсулотлари ва ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликлар рекламаларни тарқатишда (жойлаштиришда) реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини мослиги юзасидан доимий мониторинг (кузатув, кўрик) ишлари олиб борилмоқда.
Агентлик томонидан профилактика самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларнинг юзага келишининг олдини олишга асосий эътибор қаратилди. Пиво маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчиларига Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этишлари ҳамда интернет ва ижтимоий тармоқларда унинг рекламасини жойлаштирмаслик ва истеъмолни рағбатлантиришга йўл қўймасликлари бўйича кўрсатма хатлари юборилмоқда.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситаларида (телевидение, радио, босма нашрлар), интернет ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган реклама ахборотларининг реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан доимий равишда мониторинг кузатувлари ўтказиш ҳамда тегишли тезкор таъсир чораларини кўриш йўлга қўйилган.
Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи давомида ижтимоий тармоқларда 53 та ҳолатда алкогол ва тамаки маҳсулотлари рекламаси амалга оширилаётганлиги аниқланиб, кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида улар фаолиятига чек қўйилган (рекламалар бартараф этилган).
Агентлик томонидан реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши давом эттирилмоқда.
7,175