Codex Alimentarius – озиқ-овқат стандартлари ва қоидалари кодексини амалга ошириш бўйича ФAО/ЖССТ халқаро комиссияси томонидан қабул қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро стандартлари тўплами. Кодекс стандартлари асосий озиқ-овқат маҳсулотларини – қайта ишланган ва қайта ишланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини қамраб олади.
Тарихдан лавха
“Aлиментариус Кодекси” Комиссияси (кейинги ўринларда – Кодекс) 1960 йилларнинг бошларида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари раҳнамолигида ташкил этилган. Codex Alimentarius лотин тилидан “код” ва “овқат” деб таржима қилиниб, “озиқ-овқат коди” маъносини англатади. Кодекс озиқ-овқатнинг илмий асосланган стандартларини, улар билан боғлиқ кўрсатмаларини ва тегишли матнларини ишлаб чиқадиган, 188 та аъзо давлат ва 1 та аъзо ташкилотга (Европа Иттифоқи) эга бўлган ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади.
Кодекс истеъмолчилар, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчилар, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда уларнинг халқаро савдосини назорат қилиш бўйича халқаро ва миллий агентликлар учун халқаро озиқ-овқат стандартларини қўллашнинг дастлабки нуқтаси бўлиб хизмат қилди.
Кодекс стандартлари асосий озиқ-овқатлар, улар хоҳ қайта ишланган бўлсин, хоҳ ярим тайёр ёки хом-ашё маҳсулотлари, барчасини қамраб олади. Кодекс қоидалари озиқ-овқат маҳсулотларининг гигиеник ва озуқавий сифати, шу жумладан микробиологик нормалари, озиқ-овқат қўшимчалари, пестицид қолдиқлари, контаминантлар[1], маҳсулотни маркировкалаш ва ташқи кўриниши, ҳамда намуна олиш усулларига тартибга солади.
Ўзбекистон Aлиментариус Кодекси аъзоси
Ўзбекистон 2005 йилдан бери Aлиментариус Кодекси аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 июлдаги “Қишлоқ хужалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4406-сон қарорининг 12-банди ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан 2019 йилда Озиқ-овқат саноати соҳасидаги халқаро стандартлар (ISO, CODEX ALIMENTARIUS) асли ёзилган тилларда қабул қилинди. Улар билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин:
- «Ўзстандарт» агентлигининг 2019 йил 20 декабрдаги 05-1100-сонли қарорига 1,2-сонли иловалар;
- «Ўзстандарт» агентлигининг 2019 йил 23 декабрдаги 05-1101-сонли қарорига 1,2-сонли иловалар;
- «Ўзстандарт» агентлигининг 2019 йил 24 декабрдаги 05-1102-сонли қарорига 1,2-сонли иловалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра (2020 йил 18-майдаги ПФ-5995-сон), “Ўзстандарт” агентлиги бир қатор вазирликлар билан биргаликда, бир ой муддатда, Aлиментариус Кодекси Комиссияси стандартларининг талабларига мувофиқ, Европа Иттифоқи билан савдо фаолиятини жадаллаштириш бўйича 2020-2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурлари режасини ишлаб чиқиш топширилди.
Aлиментариус Кодекси стандартлари ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулотларни қайта ишловчиларнинг онгига ва якунда, шубҳасиз, охирги фойдаланувчилар – истеъмолчиларнинг хабардорлигига таъсир қилади. Кодекс стандартлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро миқёсда қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Кодекс барча қитъаларда амал қилади ва унинг соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат савдосининг адолатли амалга ошишидаги ҳиссаси беқиёс.
[1] Контаминант (лотинча – ифлослантирувчи) биологик микроорганизмлар ёки кимёвий бирикмалар, юқори биологик фаолликка эга бўлган аралашмалар ёки радиоактив моддлар бўлиб, уларнинг хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларида бўлиши инсон организмига салбий таъсир этиши мумкин. (Манба: Википедия)
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг таҳлил ва стратегик дастурларни ишлаб
чиқиш йиғма бошқармасининг етакчи мутахассиси Лазиза Шарифова.
8,750