Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг 2 октябрь куни фуқаро Б.И. мурожаат қилиб, “Ucell” компаниясининг “Al-chiroq” хизмати 2020 йил 1 октябрь куни соат тахминан 4:30 ларда ишламай қолган бўлса-да, ушбу хизмат учун унинг ҳисобидан маблағ ечилаётганлигидан норозилигини ва бу ҳақда компанияга қилган мурожаати натижа бермаганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Агентлик томонидан 2020 йил
7 октябрда “COSCOM” МЧЖга сўров хати юборилиб, юқоридаги мурожаатда қайд этилган ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг талабларига зидлиги ҳақида огоҳлантирилган ва кўрсатилмаган хизмат учун ечиб олинган маблағни қайтариш сўралган.
“COSCOM” МЧЖ 2020 йил 19 октябрдаги жавоб хатида:
контент провайдер – “First IT Group” МЧЖ томонидан кўрсатилган
“Al-chiroq” хизмати ҳақиқатдан ҳам жорий йил 30 сентябрдан 5 октябргача бўлган муддатда иш жараёнида ускуналардаги носозлик туфайли ишламай қолганлигини;
кўрилган зарур техник ишлар натижасида 6 октябрдан бошлаб “Al-chiroq” хизматидан фойдаланиш тўлиқ тикланганлигини;
натижада фуқаро Б.И.га фойдаланилмаган хизмат кунлари учун 420 сўм (84*5) миқдорида маблағ қайтарилганлигини маълум қилган.
Кўрсатилмаган хизмат учун ечиб олинган маблағ аризачига Агентлик мурожаатидан кейин қайтарилган.
Бу борада “First IT Group” МЧЖ Агентликнинг 2020 йил 7 октябрдаги сўров хатидаги маълумотларни тақдим эта олмаслигини билдирган.
Агентлик ўзига юклатилаган вазифаларга мувофиқ, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, “COSCOM” МЧЖга жорий йил 30 октябрь ва 9 ноябрь саналарида такроран мурожаат қилиб, 2020 йил
30 сентябрдан 5 октябргача бўлган вақтда “Al-chiroq” хизмати кўрсатилган, ҳисобидан маблағ ечиб олинган ва кейинчалик уларга маблағлари қайтарилган барча абонентлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этишни сўраган.
Ушбу мурожаатга жавобан “COSCOM” МЧЖ 2020 йил 6 ва 19 ноябрдаги хатларида “Al-chiroq” хизмати кўрсатилган барча – 337 975 нафар абонентларга 2020 йил 30 сентябрдан 5 октябргача бўлган вақт оралиғида кўрсатилмаган хизмат учун ундирилган жами 97,4 млн. сўм маблағлар уларга жорий йил 9 октябрда тўлиқ қайтарилганлигини маълум қилиб, рўйхатини илова қилган.
Агентлик веб-сайтида жойлаштирилган маълумотномада, кўрсатилмаган хизматлар учун маблағлар Компания томонидан мазкур масалани кўриб чиқилиши давомида истеъмолчиларга қайтарилганлиги қайд этилган. Бунда, маблағларни қайтарилиши Агентликнинг назорат чоралари натижасида таъминланганлиги қайд этилмаган. Истеъмолчиларга кўрсатилмаган хизмат бўйича маълумотларни берилишидан асосий мақсад, маблағларни қайтарилишида Агентликнинг ўрнини кўрсатиш эмас, балки истеъмолчиларнинг тўлиқ хабардорлигини таъминлашдан иборат. Ўз навбатида ушбу кўрсатилмаган хизмат учун ундирилган маблағлар қайтарилмаган истеъмолчилар Агентликка мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Муҳими, истеъмолчиларнинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
8,910