Мамлакатимизда букмекерлик фаолияти ноқонуний ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 191-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар) шунингдек, Жиноят Кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)га биноан бу турдаги фаолият ҳали ҳам ноқонуний ҳисобланади. Шу билан бирга “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра рекламада ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулот тўғрисидаги ахборотни, жумладан, тотализатор ва букмекерлик идоралари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
Букмекерлик фаолияти ноқонуний эканлигига қарамай, онлайн-букмекерлик бозори интернет тармоқлари орқали фаол ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари мунтазам равишда интернет тармоқларида жойлаштирилаётган реклама маълумотларининг реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини ўрганиб бормоқда.
Ўтган давр мобайнида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда 10 дан ортиқ ноқонуний фаолият юритувчи сайтларга кириш чекланди. Бу соҳадаги ишлар давом этмоқда.
Ҳурматли истеъмолчилар, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сизни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар билан шуғулланмаслик ҳақида огоҳлантиради
17,504