Маълумки, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасида сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчига маълум қилиши шартлиги, бу маълумот эса махсус лавҳада акс эттирилиши лозимлиги қатъий белгилаб қўйилган.
Шунга қарамай, мамлакатимиздаги мавжуд чакана савдо билан шуғулланувчи аксарият турғун савдо шохобчалари, айрим умумий овқатланиш корхоналари ҳамда баъзи бир дорихоналарда бундай пешлавҳалар йўқлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан ҳудудларда жойлашган тадбиркорлик субъектларида юқоридаги маълумотлар акс эттирилган пешлавҳа жойлаштирилиши бўйича муайян иш олиб борилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо ва умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ҳамда сотиш қоидалари” ҳамда “Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари дориасида ҳар бир чакана савдо объекти, умумий овқатланиш корхонаси ва дорихоналар биносида истеъмолчилар учун маълумотлар пешлавҳаси жойлаштирилиши қатъий назоратга олинди. Натижа эса ўзини кўп куттирмади: жорий йилнинг 5 февраль ҳолатига кўра, вазият бирмунча яхшилангани кўзга яққол ташланмоқда.
Жумладан, ўтган қисқа вақт мобайнида 47 минг 11 та турғун савдо шохобчасига огоҳлантириш хати юборилган бўлиб, уларнинг 31 минг
261 таси, яъни 42,4 фоизида махсус пешлавҳа ўрнатилишига эришилган. Умумий овқатланиш корхоналарининг эса 6 минг 51 таси огоҳлантирилган бўлиб, айни пайтгача уларнинг 3 минг 563 таси (58,9 фоизи)да пешлавҳаларни кўриш мумкин. Шунингдек, республикамиз бўйлаб огоҳлантирув хати юборилган 5 минг 471 та дорихонанинг 5 минг 280 тасида, бошқача айтганда, 92 фоизида истеъмолчи учун зарур бўлган маълумотлар жойлаштирилди.
Умуман олганда, мазкур қонуний талабга риоя этиши сўралган 58 минг 909 та тадбиркорлик субъектидан 40 минг 104 таси, яъни 68,1 фоизи Агентлик талабини оғишмай бажарган.
Эслатиб ўтамиз, пешлавҳаларда қуйидаги маълумотлар давлат тилида (заруратга қараб, қўшимча равишда бошқа тилда ҳам) жойлаштирилиши керак:
тадбиркорлик субъектининг номи;
жойлашган манзили (почта манзили ва иш режими);
тадбиркорлик субъектининг давлат рўйхатидан ўтказилганлик ва рўйхатдан ўтказган органнинг номи;
лицензиянинг тартиб рақами ва амал қилиш муддати ҳамда уни берган орган номи (лицензияланиши лозим бўлган фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун);
тавсия этиладиган маҳсулотлар (умумий овқатланиш субъектлари учун);
товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар (умумий овқатланиш субъектлари учун).
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги
Матбуот хизмати.
8,712