Маълумки, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирус пандемиясининг тарқалиши бошланган бўлиб, Ҳукумат томонидан бу вазиятда касалликнинг оммавий равишда кириб келиши ва кенг тарқалишини олди олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб Ўзбекистонда барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, театр, кино ва концерт томошалари вақтинча тўхтатиб турилади ҳамда номаълум муддатга қолдирилмоқда.
Шунга қарамасдан айрим оммавий ахборот воситалари ва ташқи реклама конструкциялари орқали жорий йилнинг март-апрель ойларида ўтказилиши режалаштирилган, лекин амалда номаълум муддатга қолдирилган ёки намойиши бекор қилинган оммавий тадбирлар тўғрисидаги рекламаларни тарқатиш давом эттирилмоқда. Ўз навбатида бу ҳолат истеъмолчиларнинг турли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига асосан қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек, маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблардир. Шунингдек, ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган реклама нотўғри реклама ҳисобланади ва бундай реклама тақиқланади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари, реклама объектлари (конструкциялари) эгалари, реклама агентликлари, оммавий тадбирлар ташкилотичиларига яқин кунларда ўтказилиши тўхтатилган ва номаълум муддатга қолдирилган оммавий тадбирлар тўғрисидаги рекламаларни барча реклама воситаларидан олиб ташлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширилиши бўйича тошириқ хати юборилди.
8,551