Бугунги кунда давлат тилида малакали иш юритиш ҳар бир ходимдан маҳорат ва билим талаб қилиши табиий, албатта. 2021 йилдан бошлаб Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази томонидан ўқишлар ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги марказий аппаратининг ўндан ортиқ ходимлари давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларига жалб қилинди.
Ташкил этилган масофавий ўқишлар давомида марказнинг етук мутахассислари томонидан асосан 3 та модул бўйича: лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзуви, ўзбек адабий тили меъёрлари ҳамда Давлат тилида иш юритиш асослари бўйича билим ва кўникмалар берилди. Шунингдек, нутқ маданияти ҳамда нотиқлик маҳоратини ошириш, давлат тилида иш юритиш фаолиятида энг кўп қўлланиладиган ҳужжатлар, уларни тузиш тартиб-қоидалари ҳақида тегишли маълумотлар ҳам берилди. Ўқув сўнггида тингловчиларга сертификат ва ташаккурномалар тақдим этилди.
7,178