Агентлик томонидан Президентнинг “Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра Ўзбекистон, 2000 йил 25 январда Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишнинг асосий йўналишлари тўғрисида Битим;
2011 йил 19 майда Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида 2000 йил 25 январдаги Битимига ўзгартириш киритиш ҳақидаги Баённомани тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мазкур халқаро шартномаларни амалга оширилиши учун масъул ваколатли орган этиб белгиланади.
Маълумот учун: МДҲ иштирокчи-давлатлари Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгаши 2011 йил 19 майда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифалари:
– ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, МДҲ иштирокчи-давлатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида самарали сиёсатни шакллантиришда кўмаклашиш;
– МДҲ иштирокчи-давлатлар фуқаролари учун тенг шароитлар шакллантириш, уларнинг истеъмолчилик ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун шаффоф шартларни яратишда ёрдам бериш;
– товарлар ва хизматлар сифати ва хавфсизлиги бўйича МДҲ иштирокчи-давлатлар қонунчилиги талабларини бузувчи хўжалик субъектларининг инсофсиз фаолияти тўғрисида огоҳлантириш мақсадида истеъмол бозорида самарали назорат тизимини яратишда кўмаклашиш ва бошқалардан иборат.
12,916