15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни. Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари, Агентликнинг ҳудудий тузилмалари ходимлари иштирок этди.
Очиқ эшиклар кунида Агентлик директори Э.Хаитметов йиғилганларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни билан табриклади ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб ўтди.
Шундан сўнг очиқ эшик куни меҳмонлари Агентликнинг Савдо, умумий овқатланиш ва туризм, Реклама фаолиятини тартибга солиш, Ижтимоий ва молиявий хизматлар, шунингдек, алоқа хизматлари соҳасида истеъмолчилар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таҳлил ва стратегик дастурларни ишлаб чиқиш йиғма бошқармалари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, истеъмолчилардан тушаётган мурожаатларни қабул қилиш хонасида бўлиб, веб-сайтнинг info@consumer.uz ва 1159 қисқа рақамли ишонч телефони ҳақидаги маълумотларга ҳам эга бўлдилар.
Очиқ эшиклар кунида Агентлик фаолиятига бағишланган видеоролик ва стратегик дастурларни ишлаб чиқиш йиғма бошқармаси бошлиғи Ф.Мадаминов томонидан “МАҚСАД, НАТИЖА ВА РЕЖАЛАР” мавзуидаги тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир давомида 1962 йилнинг 15 март куни АҚШнинг 35-Президенти Жон Кеннеди Конгрессдаги маърузасида истеъмолчиларнинг тўртта асосий ҳуқуқлари: маълумот олиш, хавфсизлик ҳуқуқи, танлаш ҳуқуқи ва эшитиш каби ҳуқуқларини санаб ўтганлиги ва бу билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Бутунжаҳон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунини мазкур санада нишонлаш бўйича қарор қабул қилингани ҳақида фикрлар билдирилди. Маълумки, бу сана Ўзбекистонда ҳам қатор йиллардан буён кенг кўламда нишонланиб келинади. Хусусан,1996 йил 26 апрелда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун истеъмолчи билан савдо, иш ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш билан бир қаторда ички истеъмол бозорида инсонлар ҳаёти ҳамда соғлигига хавф туғдирувчи товарларнинг сотилишини олдини олишга ҳам хизмат қилиб келаётгани ҳақида фикрлар билдирилди.
Тадбирда аҳолининг истеъмолчилик маданиятини оширишга ўзининг янги дастурлари, лойиҳалари билан салмоқли ҳисса қўшаётган бир қатор журналист ва блогерларга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ташаккурнома тақдим этилди.
5,764