Истеъмолчидан мурожаат:
Мен Қўқон шаҳри Туркистон кўчасида жойлашган “Live story” дўконидан Redmi Note 4 маркали уяли телефонни 1 850 000 сўмга сотиб олган эдим. Аммо бир ойдан сўнг, телефоннинг IMEI-коди рўйхатдан ўтказилмаганлиги маълум бўлди ва мен дўкон сотувчисига бу ҳақда мурожаат қилдим. Кафолат муддати бўлишига қарамасдан мурожаатимни рад этишди. Ушбу масала юзасидан амалий ёрдам беришингизни сўрайман.
________________________________________
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 4-бобида мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига кўра, “Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги кўмаги билан “ELITE OIL KOKAND” ХКга тегишли “Live story” магазин сотувчиси томонидан истеъмолчининг муаммоси ниҳоят ҳал қилинди, истеъмолчига сотилган телефон IMEI-коди рўйхатдан ўтказиб берилди.
8,537