Истеъмолчидан савол:
Ўтган 2020 йилнинг октябрь ойида газ плитаси сотиб олган эдим. Аммо орадан 3 ой ўтгач унинг носозлиги маълум бўлди. Плитанинг асосий қисми яхши ишламай қолди, электр энергиясини етказиб бермаяпти, иккинчидан қандолат ва бошқа таомларни пиширувчи қисми умуман ишламаяпти. Нуқсонини бартараф этишнинг иложи бўлмади.Уни сифатлисига алмаштириб олмоқчи эдим. Дўконда менга нархи ошганини айтишди. Мен яна қўшимча пул тўлашим керакми?
Мутахассис жавоби:
Нуқсонли товар айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилган вақтда товарнинг нархи ўзгарган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Нуқсонли товар бошқа маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилаётганда, агар алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан паст бўлса, истеъмолчи нархлардаги фарқни қўшимча равишда тўлаши лозим, алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан юқори бўлса, истеъмолчига нархлардаги фарқ қайтарилади. Бундай ҳисоб-китоб чоғида алмаштирилиши керак бўлган товар нархи ошган тақдирда, унинг талаб қўйилган пайтдаги нархи, нархи пасайган тақдирда эса, харид қилинган пайтдаги нархи қўлланилади.
Шартнома бекор қилинаётганда товар нархи ошган бўлса, истеъмолчи билан ҳисоб-китоб товарнинг тегишли талаб қўйилган пайтдаги қийматига қараб, нархи пасайган тақдирда эса, харид қилинган пайтдаги қийматига қараб амалга оширилади.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 17-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилган тақдирда у билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби белгилаб берилган.
9,328