1400 ЙИЛ МУҚАДДАМ ШАКЛЛАНГАН ИСТЕЪМОЛЧИЛИК ТАМОЙИЛИ.
Маълумки, тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Ўрта Осиёда бундан 1400 йил муқаддам истеъмолчиликнинг асосий тамойиллари шаклланган бўлиб, бугунги кунгача бу тамойиллар ўзининг долзарблигини йўқотмаган. Булар нотўғри рекламалар бериш, маҳсулотларни қалбакилаштириш, тарозилар орқали тортишда ва ортиқча нархлар қўйишлар каби бир қанча тартиб-қоидаларнинг бузилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояқилиш институтининг шаклланиши ва ривожланиши тарихи” мавзуида ўқув семинари бўлиб ўтди. Талабалар ўртасида ўтказилган мазкур тадбирда Агентлик директори Э.Хаитметов, иқтисод фанлари доктори, профессор А.Усманов ва агентлик мутахассиси Н.Бабажановалар томонидан Америка Қўшма Штатлари, Япония ва Германия каби давлатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар тарихи, ривожланиши, халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунини белгилашга асос солингани ҳақида тингловчиларга қизиқарли маълумотларни беришди.
Қандай маҳсулотлар алмаштириб берилмайди, ҳуқуқлари бузилган истеъмолчи кимга ва қандай мурожаат қилиши керак, телевидение ва радиоэшиттиришлар орқали берилаётган кўрсатув ва эшиттиришлар вақтида рекламаларга қанча вақт ажратилиши ва бошқа шу каби қизиқарли саволларга талабалар тадбир давомида мутахассислардан тегишли жавобларни олишга муяссар бўлдилар.
Шунингдек, тадбир давомида мамлакатимиз Конституцияси ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қабул қилинган Қонун ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор тартиб-қоидаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар ҳам бериб ўтилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги
Ахборот хизмати.
6,825