Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сон Фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентлик томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама бозорини тартибга солиш, аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш, истеъмолчиларнинг номуайян доираси манфаатларини кўзлаб таҳлиллар ўтказиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа йўналишларда бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Соҳага оид норматив ҳуқуқий ҳужжатларни истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш мақсадида 86 та амалдаги ҳужжатлар хатловдан ўтказилди ва 40 та ҳужжат лойиҳаси бўйича хулоса берилди.
Агентлик томонидан 14 та ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан 6 та янги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шундан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақидаги, “Реклама тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирдаги лойиҳалари, шунингдек, товарлар назорат хариди ва экспертизасини ўтказиш, фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори тадбирларини амалга ошириш ва норматив ҳужжатларни истеъмолчиларга таъсирини баҳолашни тартибга солувчи ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Ишлаб чиқилган 4 та Қонун лойиҳаси, 1 та Президент қарори лойиҳаси ва 9 та Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасидан 2 таси қабул қилинди ва қолган ҳужжатлар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Истеъмолчиларнинг муаммолари билан ишлаш мақсадида Агентликда 1159 ишонч телефони, consumer.uz расмий сайти ва телеграм сахифалари, электрон почта ҳамда бошқа интерактив ахборот ресурслари орқали аҳолидан тезкор равишда мурожаатларни қабул қилиш йўлга қўйилди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида истеъмолчиларнинг 20 844 та мурожаатлари кўриб чиқилган, ушбу мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишларда 4 млн.га яқин истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланган ва истеъмолчиларга 52 млрд. сўм миқдоридаги зарарни қайтариш юзасидан қарорлар қабул қилинган.
Таҳлиллар истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларнинг 52 фоизи коммунал, қурилиш ва транспорт хизматларига оид, 21 фоизи савдо, 12 фоизи алоқа, банк-молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 15 фоизи реклама ва бошқа масалаларга тўғри келишини кўрсатмоқда.
Келиб тушаётган мурожаатлар асосида истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 10 дан ортиқ соҳаларда ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан 210 та иш қўзғатилди ва қонунбузилиш ҳолатларини тўхтатиш ва бартараф этиш бўйича 190 та кўрсатма берилди.
28 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилди.
Ички бозорларда сифатсиз ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарлар сотилишини аниқлаш мақсадида, ўтказилган 10 та назорат хариди тадбирларида намуна сифатида олинган 79 номдаги маҳсулотнинг экспертизасида 26 та маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабларига мос эмаслиги аниқланган ва тегишли чора кўриш учун ваколатли органларга (“Ўзстандарт” агентлиги ва Санитария эмидемиология хизмати) юборилган.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг истеъмол маданияти ва ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган 300 та турли тадбирлар ташкил қилинди.
Оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Агентликнинг consumer.uz сайтида турли мавзуларда 3,5 мингта материал ва ҳуқуқий ахборот жойлаштирилди.
Карантин даврида аҳоли учун муҳим бўлган 40 та йўналиш ва мавзуларда ҳуқуқий тушунтириш ва электрон ахборотлар берилди.
35 турдаги озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотлари, 90 турдаги дори воситалари чакана нархлари юзасидан кунлик мониторинг ўтказилди.
COVID-19 вирусли инфекциясини даволаш ва профилактика қилишга мўлжалланган дори воситалари нархини оширмаслик юзасидан 7,5 мингта дорихонага расмий огоҳлантириш хатлари берилди.
Келиб тушган ахборот ва мониторинг натижаларига асосан 165 та дорихонада текшириш ва ўрганишлар ўтказилди.
Натижада белгиланган устамаларга риоя этилмаслиги натижасида истеъмолчиларга етказилган 20 млн сўм зарар қайтарилди ҳамда 42 та ҳолат бўйича ҳужжатлар лицензияловчи органга юборилди.
Дори-дармон нархлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида телеграмм тармоғида ишловчи @dorinarx_bot махсус ахборот тизими ишга туширилди.
Истеъмолчиларнинг дори воситалари нархи билан боғлиқ масалалардаги 750 та мурожаати кўриб чиқилди.
3 та соҳада, хусусан савдо, транспорт ва алоқа хизматлари кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг ҳолати қониқарлилиги юзасидан 10 мингта иштирокчи ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказилди. Сўровнома натижалари бўйича тахлилий маълумотлар ва таклифлар Вазирлар Маҳкамаси ва мутасадди идораларга киритилди.
5 та вилоятда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояланганлик даражаси таҳлил қилинди ва баҳоланди.
Агентликнинг асосий фаолият йўналишларидан бири ҳисобланган реклама бозорини тартибга солиш соҳасида бир қатор профилактика ва назорат тадбирлари амалга оширилди.
Хусусан, ўтказилган таҳлилларда 540 та ҳолатда рекламалар қонун талабларига зид равишда тарқатилаётганлиги аниқланган.
Қонунбузарликларнинг 58 фоизи дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар рекламаси, 35 фоизи реклама қилиш тақиқланган маҳсулот рекламасига тегишли бўлиб, уларнинг 90 фоизи олиб борилган профилактика натижасида тезкор бартараф этилиши таъминланган ва қолган ҳолалар бўйича тегишли чора кўрилган.
Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан 84 та реклама эскизлари лойиҳалари бўйича тегишли хулосалар берилди ва рекламани жойлаштириш масалаларига оид 277 та мурожаатлар кўриб чиқилди.
Республика ҳудудларида жойлаштирилган жами 12 мингта ташқи реклама қурилмалари хатловдан ўтказилганда, уларнинг 7 мингтаси ёки 58 фоизи белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланган. 3200 та ташқи рекламадаги камчиликлар бартараф этилиши таъминланган ва қолган рекламаларни ҳокимликлар билан биргаликда қонун талабларига мослаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича 19 та халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ваколатли давлат ва нодавлат органлари билан алоқа ўрнатилди ҳамда ҳар тарафлама ҳамкорликда ишлар ташкил қилинди.
Шу жумладан, Ўзбекистон МДХ иштирокчи-давлатларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги халқаро шартномасига қўшилди ва Агентлик мазкур халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.
Хурматли истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари юзасидан бевосита Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига ҳамда 1159 ишонч телефони ва consumer.uz сайти орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг
Таҳлил ва стратегик дастурларни ишлаб чиқиш йиғма бошқармаси бошлиғи Фаррух МАДАМИНОВ
10,776