Реклама – савдода харидорнинг эътиборини тортувчи асосий воситалардан бири. Айниқса, дунёга машҳур спортчиларнинг реклама роликлари учун суратга тушишда қатнашишлари истеъмолчилар ишончини тезда қозонишга ва аъло даражада натижа беришига сабаб бўлади.
Хусусан, UFC чемпиони, ММА якка курашчиси Ҳабиб Нурмагомедов ва Ўзбекистоннинг таниқли спортчиси Шаҳрам Ғиёсовларга дунёнинг миллионлаб ёшлари ҳавас қилишади. Ёш авлод уларнинг турмуш тарзи ва спортдаги ютуқлари билан боғлиқ барча маълумотларга қизиқишади. Уларнинг ҳар бир сўзлари ва маслаҳатларини жон қулоғи билан тинглайдилар.
Телевидение экранлари ва кўплаб ижтимоий тармоқларда Ҳабиб Нурмагомедов, шунингдек, Шаҳрам Ғиёсовлар иштирокида реклама роликлари намойиш этилди. Улар “ажойиб” ичимликларнинг “сеҳрли” хусусиятларини реклама қилишди: Гўёки, муваффақиятга эришиш ва кайфиятни кўтариш фақат энергетик ичимлик туфайли…” Аммо..
Спортчиларнинг энергетик ичимликлар рекламасидаги иштироки тўғрими?
Уларни истеъмол қилиш ёш организм учун зарарли эмасми? Ўзбекистон Республикасининг қонунида бу ҳақда нима дейилган?
ЭНЕРГЕТИК ИЧИМЛИК ҚАНДАЙ ИЧИМЛИК ЎЗИ?
Ўзбекистон Республикаси “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунига киритилган қўшимчаларга кўра, энергетик ичимликлар — таркибида 150 мг/л.дан ортиқ миқдорда кофеин ва (ёки) инсон организмига тонусни ўзгартирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компонентлар мавжуд бўлган ичимликлар ҳисобланади.
СОҒЛИККА ЗАРАРИ ҲАҚИДА!
Аслида энергетик ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш инсонлар ҳаёти ва соғлигига зиён етказиши мумкин. Хусусан, ўспиринлар соғлигига салбий таъсир кўрсатади, артериал қон босимини оширади, шунингдек, қондаги шакарни ортишига олиб келиши мумкин.
! “Реклама тўғрисида”ги Қонунга “Энергетик ичимликлар рекламаси” бўйича қўшимча 221–модда киритилган. Унга кўра энергетик ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот қайд этилиши керак.
АЙНИҚСА: болалар ва ўспиринлар учун.
ҚОНУНГА КЎРА ТАҚИҚЛАНГАН ҲОЛАТЛАР:
– 7:00 дан 22:00 гача телевизор ва радиода энергетик ичимликлар рекламаси;
– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар ўртасида энергетик ичимликлар намуналарини бепул тарқатиш;
– агар ичимлик номи, савдо белгиси ёки тасвиридан фойдаланилса, ҳомийлик тадбирлари;
– сотиш, шу жумладан, тарқатиш;
– энергетик ичимликлар рекламасини болалар ва ўспиринлар учун мўлжалланган оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, тиббий, спорт ва таълим муассасаларида реклама қилиш.
Таъкидлаш жоизки, вояга етмаганлар ўртасида энергетик ичимликлар тарқалишини чеклаш чоралари бўйича тегишли қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги” ҳамда “Реклама тўғрисида”ги Қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилди ва 2020 йил 11 апрелдан кучга кирди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси
6,487