Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ҳузуридаги

Реклама масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Мазкур Реклама масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ҳузуридаги Реклама масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг (кейинги ўринларда — Жамоатчилик кенгаши) асосий вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
  2. Жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.
  3. Жамоатчилик кенгаши Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) марказий аппарати ҳузурида ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти Монополияга қарши курашиш қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) барча ҳудудий бошқармаларига татбиқ этилади.
  4. Жамоатчилик кенгашига юклатилган вазифаларни худудларда самарали ижросини таъминлаш мақсадида, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари қошида унинг бўлимлари фаолият юритади ва жамоатчилик кенгашига бўйсунади.
  5. Жамоатчилик кенгашининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.
  6. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
  7. Мазкур низомга киритиладиган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар Агентлик директорининг тегишли буйруғи билан тасдиқланади.

 

2-боб. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари,

функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

  1. Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

реклама соҳасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, Агентлик зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш, давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича Агентлик ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

биргаликда мулоқот қилиш, Агентликнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун Агентликни давлат органини фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариш;

Агентликга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан келиб тушган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни умумлаштириш ва баҳолаш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолияти жараёнида очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолиятини ислоҳ қилишда фуқаролар иштирок этиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолияти бўйича фуқаролар ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

рекламанинг давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умум эътироф этилган нормаларига, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчанлик обрўсига, атроф муҳит ҳолатига тажовузидан ҳимояланиш чораларини ишлаб чиқиш.

рекламанинг давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умум эътироф этилган нормаларини ишлаб чиқиш;

ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган рекламаларни нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама деб топиш механизмларини ишлаб чиқиш;

«Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг рекламани ишлаб чиқариш, жойлаштириш ва тарқатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунлар ва меъёрий ҳужжатларнинг қўлланиш амалиётини таҳлил қилиш;

товарлар (ишлар ва хизматлар) бозорида рекламани ишлаб чиқариш, жойлаштириш ва тарқатиш жараёнида пайдо бўладиган хулқ-атворнинг маданиятли норма ва қоидаларини шакллантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг реклама фаолиятига кўмаклашиш, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, реклама фаолиятини тартибга солиш механизмини такомиллаштириш;

товарлар (ишлар ва хизматлар) бозорларида, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланиш билан боғлик банк, суғурта ва бошқа хизматлар бозорларида шунингдек, қимматли қоғозлар бозорларида рекламани тарқатишда ҳалол рақобатни ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш;

реклама берувчилар, реклама ишлаб чиқарувчилар, реклама тарқатувчилар ва рекламадан фойдаланувчилар манфаатларига риоя этиш;

Ўзбекистон Республикасининг ижодий уюшмалари, жамоат бирлашмалари, нуфузли хорижий ва халқаро ташкилотлар билан реклама фаолияти масалалари бўйича алоқаларни ривожлантириш;

реклама фаолиятини ёритишга, ҳалол рақобатни, рекламада ижодкорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган тадбирлар (конференциялар, симпозиумлар, семинарлар ва танловлар)ни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашиш;

реклама фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва ўзини ўзи тартибга солиш бўйича чет эл тажрибасини таҳлил қилиш;

реклама фаолиятини амалга ошириш устидан назоратнинг самарадорлиги масаласи бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил этиш;

ижтимоий рекламани ишлаб чиқариш, жойлаштириш ва тарқатишда ташаббускорлик кўрсатиш.

  1. Жамоатчилик кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббуслари ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Агентликга тегишли таклифлар киритади;

Агентликнинг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини таҳлил қилади, шунингдек, ҳамкорликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолиятига тааллуқли унинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва қарорларини такомиллаштириш, улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек, киритилган таклифларни Агентлик ходимлари ўртасида муҳокама қилишга бағишланган тадбирларни ташкил этишда қатнашади;

реклама қонунчилигига мувофиқлик юзасидан реклама эскизлари (видео, аудио ва бошқа материаллар) лойиҳалари бўйича хулосалар беради;

давлат дастурлари лойиҳаларини, тадбирлар режаларини ва Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолиятига тааллуқли, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлайди, қабул қилинган дастурларни амалга оширишда ваколатлари доирасида иштирок этади, бажарилган ишларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, шунингдек, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

Агентликга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан келиб тушган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни кўриб чиқади;

Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг фуқаролар билан учрашувларини, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ишларни ташкил этишда, шу жумладан жойларга бориб ташкил этишда қатнашади, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказади;

мамлакатда ва хорижда кенг жамоатчиликни Агентлик фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилишни таъминлайди ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолиятига бағишланган илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатларини ташкил этишда иштирок этади;

Агентликнинг рекламани назорат қилиши фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича бажарилаётган ишларнинг натижаларини таҳлил қилади, уларнинг самарадорлигини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади;

рекламани назорат қилишга тааллуқли қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда қатнашади;

Жамоатчилик кенгаши вазифаларини ҳал этиш учун ишчи гуруҳлар, комиссиялар тузиш ва улар ишида жамоатчилик асосида ишлаш учун тегишли мутахассисларни жалб этади.

  1. Жамоатчилик кенгаши зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:

Агентлик томонидан ташкил этиладиган бўлажак очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;

Агентликнинг, жумладан Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари бинолари (хоналари) ва бошқа объектларини Агентлик томонидан белгиланган тартибда бориб кўриш;

Агентлик, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларига жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

Агентлик фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган Агентликнинг ахборотлари, статистика ва бошқа материалларини белгиланган тартибда олиш;

Агентликнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида, Агентлик томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига Агентлик томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;

реклама қонунчилигига мувофиқлик юзасидан реклама эскизлари (видео, аудио ва бошқа материаллар) лойиҳалари бўйича хулосалар беришда иштирок этиш;

жамоатчилик кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

юклатилган вазифаларни бажариш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Жамоатчилик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда:

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга амал қилиши;

Агентлик ва унинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;

Агентлик ва унинг мансабдор шахслари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;

фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиши шарт.

Жамоатчилик кенгашининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

 

3-боб. Жамоатчилик кенгашининг таркибини

шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби

  1. Жамоатчилик кенгашининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради.
  2. Жамоатчилик кенгаши аъзолигига Агентлик раҳбари, реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, реклама ва маркетинг соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик вакиллари сайланадилар.

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг сони чекланмаган.

  1. Жамоатчилик кенгашининг таркиби йил бошида ўтказиладиган кенгашнинг биринчи йиғилишида ҳар йили тасдиқланади.

Бунда вазирлик ва идоралари вакиллари-кенгаш аъзолари асосан кун тартибига қўйилган тегишли масалаларни кўриб чиқиш жараёнидаги (таълуқлилик юзасидан) йиғилишларда иштирок этадилар.

  1. Қуйидаги ҳолатларда Жамоатчилик кенгашининг аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:

улар томонидан Жамоатчилик кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;

Жамоатчилик кенгашининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.

  1. Жамоатчилик кенгашининг раиси жамоатчилик кенгашининг:

фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

мажлисларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;

мажлисларида раислик қилади;

иш режасини, мажлиси баённомасини ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

қарорлари ижросини назорат қилади;

аъзолари зиммасига юклатилган вазифаларни бажарилишини мувофиқлаштиради;

фаолияти тўғрисидаги Агентлик расмий веб-сайтида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни Агентлик директори билан келишади;

қарорлари бажариш масалалари юзасидан Агентлик директори билан ҳамкорлик қилади;

самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. 17. Жамоатчилик кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.
  2. 18. Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари:

раис йўқлигида жамоатчилик кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, жамоатчилик кенгаши фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

Жамоатчилик кенгашининг самарали ишларини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. 19. Жамоатчилик кенгашининг котиби Жамоатчилик кенгашининг:

фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, кенгаш аъзоларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

кун тартибига мувофиқ унинг мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Жамоатчилик кенгашининг раиси билан келишади;

аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни жамоатчилик кенгаши мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

қарорлари ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини жамоатчилик кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

мажлис баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди;

самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. Жамоатчилик кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

Жамоатчилик кенгашининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.

Жамоатчилик кенгашининг аъзолари:

ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун Агентлик томонидан ташкил этиладиган ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;

жамоатчилик кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни жамоатчилик кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;

Агентлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;

жамоатчилик кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;

жамоатчилик кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

жамоатчилик кенгашининг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. 21. Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисида кўриб чиқилади. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси унинг иш режалари асосида ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.

Жамоатчилик кенгашининг раиси жамоатчилик кенгаши аъзоларининг учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлисини чақириши мумкин.

  1. 22. Жамоатчилик кенгашининг мажлисларига бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.
  2. 23. Жамоатчилик кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари ва жамоатчилик кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.
  3. 24. Жамоатчилик кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.

Жамоатчилик кенгашининг мажлисида Агентлик директори, унинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.

  1. 25. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси, агар унда жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, жамоатчилик кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.

  1. 26. Жамоатчилик кенгашининг қарори мажлисда иштирок этаётган жамоатчилик кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
  2. 27. Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.
  3. 28. Жамоатчилик кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва манфаатдор шахсларга юборилади.
  4. 29. Жамоатчилик кенгашининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурияти туғилганда, унинг раиси ташаббуси билан қарор жамоатчилик кенгашининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.

Агентлик жамоатчилик кенгашининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.

  1. 30. Жамоатчилик кенгашининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида жамоатчилик кенгаши қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.
  2. Жамоатчилик кенгаши аъзолари орасидан доимий равишда фаолият юритувчи экспертлар гуруҳи ташкил этилиши мумкин. Экспертлар гуруҳи аъзолари Кенгаш йиғилишида тасдиқланади.

Мазкур экспертлар гуруҳи реклама бозори субъектлари томонидан Агентликка тақдим этилган реклама эскизлари (видео, аудио ва бошқа материаллар) лойиҳаларни реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлилиги юзасидан кўриб чиқиб, улар бўйича хулосалар беради ва улар (хулосалар) тавсиявий характерга эга бўлади.

Хулоса берилган рекламалар Агентлик сайтига жойлаштириб борилади.

 

4-боб. Якунловчи қоидалар

  1. Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Агентлик томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
  2. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти унинг низомига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ эканлиги Агентлик директори томонидан назорат қилинади.
  3. Жамоатчилик кенгашининг ва Агентлик директорининг жамоатчилик кенгаши фаолияти билан боғлиқ қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.