Навоий вилояти
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Навоий вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан бир қатор коммунал ва бошқа соҳалардаги ташкилотлар устидан иш қўзғатилиб, баъзи корхоналарнинг ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан судларга шикоят аризалари киритилди ҳамда 2 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ўз эгаларига қайтарилди. Ўтган йил давомида ҳудудий тузилмага аҳолидан 681 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улар асосан коммунал ва савдо соҳаси билан боғлиқ.
Хусусан, электр тармоқларидаги узилишларни тегишли чеклаш ва узиб қўйиш жадвалига кўра амалга оширмагани учун “Навоий ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ҳамда суюлтирилган газ нархини асоссиз равишда оширганлиги сабабли “Ҳудудгаз Навоий” масъулияти чекланган жамияти каби корхоналар фаолияти юзасидан судларга мурожаат қилинди. Натижада истеъмолчиларни қийнаётган ҳолатлар яхшиланмоқда.
Навоий шаҳридаги “Коворкинг” марказида ўтказилган матбуот анжуманида ўнга яқин ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди ва унда ҳудудий тузилма томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
7,862