Кундалик ҳаётимизда электр энергия ресурсларининг ўрни катта. Улардан уйларимизни ёритишда ва иситишда фойдаланамиз.Бундан ташқари,бугунги кунда хонадонларимизда маиший техника жиҳозларининг сони олдингидан икки-уч бараварга ортган: музлатгич, телевизор, компьютер, автомат кир ювиш машинаси, кондиционер, чангютгич, микротўлқинли печ, электрда ишлайдиган қозон — мультиварка, турли иситиш мосламалари, дазмол, тефаль, телефон, соч қуритишдан тортиб турмаклайдиган буюмлар, ҳатто уяли телефони қувват олгичлари ҳам бунга қўшилди.
Очиғини айтадиган бўлсак, бундай ўзгаришлар баъзи жойларда паст кучланишли электр трансформаторларини носоз ҳолатга келтириши мумкин.
Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳудудида ана шундай ҳолат юзага келди. Бу ҳақда Шарқ»МФЙда истиқомат қилувчи А.Раҳмонов ва Д.Ғозиевлар электр энергияси узилиб қолганлиги барчага ноқулайлик туғдираётгани ҳақида мурожаат қилишди.
- Йилнинг куз-қиш фаслида кунлар қисқа, кечга бормай қоронғу тушади, — дейди истеъмолчи Д. Ғозиев ўз аризасида. — Электр чироғининг йўқлигида бир-икки соат шам ёқиб ўтирса бўлади. Аммо суткалаб эса бунинг иложи йўқ. Сабаби, маҳалламизда истиқомат қилувчи оилаларда қариялар, бемор ётганлар ва ёш болалар бор…
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан Қўмита ишонч телефонига тушган мазкур ариза жойида ўрганилганда бу муаммога ҳудудда истеъмолчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани сабаб қилиб кўрсатилди.Шунингдек, хизмат кўрсатувчи корхона ҳудуддаги электр қурилмалари ва тармоқларини мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш, янги қурилиш ҳамда реконструкция ишларини амалга оширилган вақтда истеъмолчилар электр таъминоти ўчиқ турганлигини билдирган.
Аслида бу ҳудуд 35/10 кВли «Ширинлик» подстанциясидан чиқувчи 10 кВли «Шаҳар» тармоғига уланган. Маҳалла аҳли ортиқча юкланиш билан ишлаётган, қуввати 160 кВА бўлган 100-сонли трансформатор пунктидан чиққан 0,4кВли ҳаво тармоғи орқали электр тармоғидан фойдаланган.
Агентлик томонидан Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖ Тўрақўрғон электр таъминоти корхонаси раҳбари ва мутахассисларини мазкур масалани ҳамкорликда ижобий ҳал қилиш, имкон даражасида аҳолига кўмак беришга жалб қилинди. Шундан сўнг 250 метр 10 кВли ҳаво тармоғи қурилиб,
1 дона комплект трансформатор пункти ўрнатилиб ишга туширилди, эскилари мукаммал таъмирланди.Муаммо ҳал этилиб, эндиликда аҳоли электр энергиясидан тўлақонли фойдалана оладиган бўлди.
5,962