Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Малайзияда жойлашган элчихонаси кўмагида Малайзия Ички савдо ва истеъмолчилар ишлари вазирлиги хузуридаги Истеъмолчилар миллий консультатив кенгаши (ИМКК) вакиллари ўртасида онлайн музокара ўтказилди.
Икки томонлама муҳокаманинг асосий мақсади истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш соҳасида тажриба ва фикр алмашиш, шунингдек товарларнинг сифатини назорат қилиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ташкил этишдан иборат бўлди. Шунингдек, томонлар реклама бозорини тартибга солиш ва аҳолининг истеъмолчилик саводхонлигини ошириш бугунги кунда муҳим вазифа бўлиб қолаётганлигини таъкидладилар.
Малайзия Кенгаш вакиллари томонидан Агентликнинг истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ишончли ва тўлиқ маълумот олиш имкониятини таъминлаш, аҳолининг маърифий ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича фаолияти юқори баҳоланди.
Дунёда юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, электрон тижорат ва туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бу борада Малайзиянинг илғор тажрибасини ўрганиш бўйича келишиб олинди.
Мазкур соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида, томонлар:
– истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини кўрсатган ҳолда ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш;
– Агентлик ходимлари учун туризм ва электрон харидлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вебинарлар ўтказиш;
– аҳолининг истеъмол саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув дарсларини, Малайзия тажрибаси асосида Ўзбекистон ОТМ ўқув дастурларига киритиш имкониятини кўриб чиқиш;
– ушбу соҳани янада ривожлантириш борасида ҳамкорликда дастурлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.
6,627