“Мен Урганч шаҳри Ойбек кўчаси 2-уйда яшайман. Биз яшаб турган хонадонга ичимлик суви бўйича катта миқдорда қарздорлик келди. Биз ҳар доим ойма-ой тўловларни ўз вақтида қилиб борамиз. Бу қарздорлик қандай келиб чиққанига тушунмаябмиз. Ушбу қарздорлик тўғри ёки нотўғри ҳисобланганини ўрганиб беришларингизни сўрайман.”
Шоира САПАЕВА, Хоразм вилояти
- Мазкур мурожаатда фуқаро хонадонига ичимлик суви бўйича 1 800 000 сўм қарздорлик хати келганлиги айтилган. Ушбу мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилганда мазкур хонадонга ичимлик суви бўйича ҳисобланган 1 800 000 сўм ўз асосига эга эмаслиги аниқланди. Ушбу қарздорлик нотўғри ҳисобланганлиги бўйича сув таъминоти корхонаси масъулларига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари юзасидан тушунтириш ўтказилганлиги натижасида ушбу сўмма истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
“ИСТЕЪМОЛЧИ СИФАТИДА ҲУҚУҚЛАРИМНИ ҲИМОЯ ҚИЛИБ БЕРИНГ…”
“Биз Урганч шаҳар “Проектная” кўчасида истиқомат қиламиз. Бизга табиий газ бўйича 1 млн.дан ошиқ қарздорлик сўммаси ҳақидаги хат келди. Тўловларни ўз вақтида тўлаган бўлсам, бунча қарз қаердан келиб чиқади? Коммунал тўловларни ҳеч қачон кечиктирмаганман. Илтимос, менга истеъмолчи сифатидаши ҳуқуқларимни ҳимоя қилишга амалий ёрдам беринг.”
Шокир АТАДЖОНОВ, Хоразм вилояти
- Ушбу мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилганда истеъмолчининг газ ҳисоблаш ускунаси кўрсаткичи, газ таъминоти корхонаси томонидан Биллинг базасига нотўғри киритилганлиги сабабли жами 1 027 758 сўм қарздорлик юзага келганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиали масъул ходимларига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, асоссиз ҳисобланган 1 027 758 сўм истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
МУШТАРИЙЛАРГА МУРОЖААТ
Агар савдо ва хизмат кўрсатувчилар ҳуқуқларингизни қонунга хилоф равишда поймол этишса, республиканинг қайси ҳудудида бўлишингиздан қатъи назар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва “Даракчи” нашри ҳамкорлигида ташкил этилган “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳаси сизга ёрдамга келади. Бунинг учун сиз ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 10:00 дан 16:00 гача газетанинг (+998 95) 194-64-16 ва ҳафтанинг иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Фақат мурожаат қолдиришдан олдин “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳасига дейишни унутманг.
САҲИФА ЭКСПЕРТИ: Тиллобек МАТЯҚУБОВ,
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси Савдо бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади
4,961