Дазмолларнинг турмушимиздаги ўрни катта. Кейинги йилларда ишлаб чиқарувчилар томонидан турли русумдаги қулай ва замонавий дазмоллар ишлаб чиқарилмоқда. Тасаввур қилинг, матони текисловчи бир парча ялтироқ темирга қанчадан-қанча қўшимча функциялар қўшилган. Айниқса, сув пуркагичи бор дазмоллардан деярли кўпчилик фойдаланишади.
Истеъмолчи А.У. ўзи фойдаланиши учун “Hop-Shop” интернет дўконига буғли дазмол харид қилиш учун буюртма берди. Келтирилган товар бир ҳафтагача “хизмат” қилди, холос. Маълумки, бундай дазмолда сув учун пластикдан ясалган идиш бўлади. Истеъмолчи ундан фойдаланиш жараёнида шу идишчадан сув сизиб чиқа бошлади. Диққат билан қаралганда янги дазмолнинг сув қозончасида ёриғи борлиги маълум бўлди. Бунинг оқибатида кийим-кечакларни буғлаб дазмоллашнинг иложи бўлмай қолди. Шу сабабли А.У. уни почта орқали қайтариб юборди. Аммо унинг масаласи бўйича “Hop-Shop” интернет дўкони ҳеч қандай ишни амалга оширмади.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Андижон вилояти ҳудудий тузилмаси ушбу мурожаат билан танишиб чиққанида А.У.нинг шикояти ўринли бўлиб чиқди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуннинг 13-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари, батафсил кўрсатиб ўтилган, яъни:
– товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
– товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
– товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
– харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
– шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Бу тартиб-қоидалар ҳақида “Home Shopping Media” МЧЖ корхонасига тушунтиришлар берилди. Икки ўртадаги шартнома бекор қилинди, истеъмолчи ўз ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда товарга тўланган пулни қайтарилишини талаб қилди. МЧЖ томонидан 249 000 сўм миқдоридаги маблағ истеъмолчига қайтарилди.
5,464