- “Энг яхши товар, янги модель, қулай ва арзон,шуни олинг – танлашда адашмадингиз…” дея таъриф берганди сотувчи;
- Аммо 4 миллион 935 минг сўмга харид қилинган товарнинг таъмирланиши икки ярим ойга чўзилди;
- Агентлик ёрдамида товар сифатли таъмирланишига эришилди.
“Энг яхши товар, қулай ва арзон, танлашда адашмадингиз. Шуни олинг,фақат шуни, янги модель … Мабодо ишлаётганингизда бузилиб қолгудек бўлса, сервис хизматимиз яқин жойда, бир зумда тузатиб беришади. Мана товарда кафолат муддати бор…” каби сотувчининг бундай мақтовли сўзларини эшитган ҳар бир харидор албатта бунга ишонади.
Ангрен шаҳрида жойлашган супермаркет сотувчиси ҳам Ф.У.га “Haier” иситиш қозонини расмийлаштириб, харидор қўлига кафолат муддати белгиланган талонини тутқазганида худди шундай деганди.
Аммо кейинчалик ушбу товар носоз ҳолатдалиги маълум бўлди: тугмасини босиб ёқса ишламайди, зўрға ёқилганда эса умуман ўчмайдиган одат чиқарди. Бундай ҳолатда ундан умуман фойдаланишнинг иложи бўлмай қолди… Дўконга қайтариб олиб борилганла товардаги нуқсон борлигини сотувчи кўрди. Уни “Haier” сервис марказига юборишини айтиб олиб қолди. Орадан икки ярим ой ўтди ҳамки қозон тузатиб берилмади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 қисқа рақамли ишонч телефонига тушган бу мурожаат Агентликнинг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан ўрганилди.Ҳақиқатан ҳам 4 миллион 935 минг сўмга харид қилинган мазкур товарининг бутловчи қисми сифатсиз эканлиги маълум бўлди. Сотувчига қонуний мажбуриятлари ҳақида, кафолат муддати мобайнида товарнинг, шу жумладан бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шартлиги бўйича “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида белгиланган тартиблар ҳақидаа тушунтириш берилди.
Шундан сўнг Ф.У.га иситиш қозони “Hair” сервис маркази (ЯТТ “Долобеков Музаффар Рустамович”) томонидан сифатли таьмирланиб берилишига эришилди.
7,772