«Акфа пласт» реклама акцияси Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри, Нақшаб маҳалласида яшовчи фуқаронинг эътиборини жалб қилди. Рекламада 20 кв. метрдан ортиқ пластикли алюмин дераза ромларини буюртма беришда радиатор совға сифатида тақдим этилиши таъкидланган эди. Истеъмолчи ушбу акциядан фойдаланишга қарор қилди ва буюртмани амалга оширди.
Буюртма ўз вақтида ва сифатли бажарилди, аммо истеъмолчига ваъда қилинган радиатор берилмади.
Истеъмолчида ҳақли савол туғилди: – “Рекламада ваъда қилинган радиатор нега реклама берувчи томонидан тақдим этилмади?”
Истеъмолчининг ушбу мурожаати Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига Ўзбекистон Республикаси Президентига «Ишонч телефони» орқали келиб тушди.
Ушбу мурожаатнинг барча тафсилотларини ўрганиш мақсадида, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари ишлаб чиқарувчига хат юборишди.
Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига биноан, реклама учун асосий талаблар бўлиб қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш ҳисобланади.
Жавоб хатида ишлаб чиқарувчи коронавирус пандемияси туфайли радиаторлар етказиб бериш вақтинча тўхтатилганлиги тўғрисида хабар берди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 23 сентябрь куни истеъмолчига радиатор етказиб берилишига эришилди.
Истеъмолчи Агентликнинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходимларига кўрсатилган амалий ёрдам учун ўз миннатдорлигини билдирди.
6,470