Фарғона шаҳрида истиқомат У.Ш. ўз саломатлигига бефарқ бўлмаганлиги сабаб маҳсулотни харид қилишда сифатига алоҳида эътибор беради. Истеъмолчи шаҳардаги деҳқон бозори ҳудудида жойлашган савдо дўконидан харид қилган “ATLANT” ош тузининг ранги, ҳолати унда шубҳа туғдирди. Бу ҳақда норозилигини қонунда белгиланган тартибда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Фарғона вилояти ҳудудий тузилмасига билдирди.
Истеъмолчи тақдим этган ош тузи намунаси вилоят СЭОМнинг санитария-гигиена лабораториясида таҳлилдан ўтказилди. Текшириш баённомасига кўра “Turahodjaev Osh Tuzi” хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган ушбу “ATLANT” ош тузи маҳсулоти қадоғида “йодланган ош тузи” деб ёзиб қўйилган, аммо синовда йодланмагани маълум бўлди. Бундан ташқари, маҳсулотнинг ҳатто ишлаб чиқарилган санаси ҳам қадоғида кўрсатилмаган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-7 моддаларида белгилаб қўйилганидек, ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақидаги маълумотни ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатган бўлиши керак. Шунингдек, маҳсулот истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса, у ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) олдига қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақли.
Ҳудудий тузилма томонидан гигиеник озиқ-овқат хавфсизлиги стандарти талабларига мос келмаган мазкур маҳсулот юзасидан ишлаб чиқарувчи корхонага кўрсатма юборилди.
4,716