Букмекерлик идоралари фаолияти ҳар бир инсон ҳаётида интернет тармоғи пайдо бўлиши билан фаол равишда ривожлана бошлади.Бундай идоралар фаолияти шаклланиши ХХ асрнинг 90-йилларига тўғри келади. Биринчи онлайн гаров Канадада бўлиб ўтган. Бироздан кейин бундай онлайн қимор компаниялари Европада машҳур бўлиб кетади. Операторларнинг кенг танлови, бонус тизимлари ва жамоат баҳслари дунё бўйлаб тобора кўпроқ ўйинчиларни жалб қилмоқда.
Бугунги кунда ушбу онлайн қимор бизнеси етакчи мавқеини йўқотмади. Сўнгги ўттиз йил ичида МДҲ давлатларида онлайн қимор бозори фаол ривожланиб бормоқда, аммо кўплаб мамлакатларда ушбу онлайн қимор идораларининг фаолияти ноқонуний бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида 2021 йил 1 январдан бошлаб Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан лицензия олиш орқали букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш назарда тутилган.
Шу билан биргаликда онлайн қимор билан шуғулланувчи ташкилотлар, иштирокчилар мажбуриятларини тартибга солиш, келишилган ўйинларнинг олдини олиш мақсадида Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига Маъмурий ва Жиноят Кодексига тегишли қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритиш вазифаси юклатилган.
Хўш, онлайн қимор қонунийми?
Ушбу масалани ўрганиш учун, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига сўров хати юборилди. Агентлик 2021 йил 25 мартда тақдим этган маълумотда бугунги кунда лицензиялаш бўйича ҳукуматнинг қарор лойиҳалари ишлаб чиқилаётганлиги ҳамда Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун бирон-бир хўжалик юритувчи субъектларга лицензия берилмаганлиги қайд этилган.
Юқоридагиларга асосланиб, МЖТКнинг 191-моддасига ва ЖКнинг 278-моддаларига мувофиқ букмекерлик ва тотализатор каби фаолият тури ҳали ҳам қонуний эмас.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборот тарқатиш тақиқланади.
Ҳурматли истеъмолчилар, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сизни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар билан шуғулланмаслик ҳақида огоҳлантиради
8,825