Тасаввур қилинг, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри ҳамда Сирдарё туманларида бир кунда бир неча маротаба электр таъминотидаги узилишлар айнан мактаб ўқувчиларининг мактабга бориш учун тайёргарлик кўриш, катталарни ишга бориш вақтига, кечки пайтдагиси овқат тайёрлаш ва бошқа кундалик юмушлар вақтига тўғри келди…
Ноябрь ойининг биргина 10 кунлигида юзлаб хонадонларда электр таъминотида узилишлар юз берди. Электр тармоқларидан норози бўлиб жами 87 та ариза ва мурожаатлар келиб тушди. Корхона томонидан электр таъминотини тежаш лозим бўлса, истеъмолчилар огоҳлантирилиб, куннинг ёруғ вақтида узилишлар қилинса бўлмасмиди? Айниқса, кунлар совиб, электр энергиясига зарурат кўп бўлган кунларда нега бундай ҳолат юз берди, сабаб нимада?
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Сирдарё вилоят тузилмасининг ишонч телефонига мурожаатлар келиб тушган.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича мазкур мурожаатлар ўрганилганда иссиқлик электр станцияларининг қуввати етишмаслиги ҳамда иссиқлик энергиясини тежаш бўйича электр таъминотидаги узилишлар (ўчиришлар) бўйича белгиланган графиклар ишлаб чиқилмаганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 131-банди талаблари бузилганлиги ҳолати бўйича “Сирдарё худудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга иш қўзғатилди.
Сирдарё вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия томонидан “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга нисбатан қўзғатилган иш атрофлича кўриб чиқилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, электр энергиясини тежаш бўйича электр тармоқларидаги узилишлар бўйича графикларни тасдиқлаш, қонунда белгиланган тартибда узилишлар тўғрисида истеъмолчиларни огоҳлантириш юзасидан кўрсатма берилди.
4,524