Интернет саҳифаларидан бирида истеъмолчи мазкур мурожаатни эълон қилганди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бу ҳолатга тушунча беради:
Дўконларда нарх ёрлиғи аниқ оммавий таклиф ҳисобланади ва шунинг учун сотувчи товарни истеъмолчига айнан шу таклифда кўрсатилган нархда сотиши шарт. Кўпинча бундай муаммога дуч келганда истеъмолчилар ўзларининг қонуний ҳуқуқларини “ТЎҒРИ” ҳимоя қилишни билмайдилар.
Ҳурматли истеъмолчилар, қонунчиликка таяниб, ўз ҳуқуқларини талаб қилишлари ва нарх ёрлиғида кўрсатилган нарх бўйича пулни тўлашлари керак. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда (26.04.1996 й., 221-I-сон) истеъмолчи маҳсулот тўғрисида ишончли ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга эканлиги ва сотувчи уни тақдим этиши шартлиги кўрсатилган (ушбу Қонуннинг 4 ва 6-моддалари).
Шунингдек, мазкур Қонуннинг 8-моддасига кўра нархнома билан қўйилган товарлар ҳамда товар (иш, хизматлар) ҳақида келувчилар эътиборига ҳавола этиладиган маълумот тегишли шартномани тузиш учун таклиф деб ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида Чакана савдо қоидаларининг 20-бандига биноан (Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13-февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган) сотувчи нархи кўрсатилган ҳолда сотиладиган товарларнинг ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархномалари бўлишини таъминлашга мажбурдир.Кўрсатилган маҳсулотдаги нарх ёрлиғи ва ундаги маълумотлар оммавий шартнома тузиш учун таклиф сифатида тан олинади. Айнан товарларнинг нархлар ёрлиғи оммавий таклиф ҳисобланади ва шунга мувофиқ сотувчининг мажбурияти товарларни таклиф қилинган нархда, яъни баҳо ёрлиғи бўйича сотишдир.
Агар маъмурият маҳсулот нарх ёрлиғида кўрсатилган нархда сотишдан бош тортса истеъмолчи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 ишонч телефони, шунингдек consumer.uz.сайтига элктрон тарзда мурожаат қилиши мумкин.
Далил сифатида нарх ёрлиғини суратга олиш МУҲИМ!
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ахборот хизмати.
6,213