Истеъмолчи Н.М. хонадонига келтирилган буюртма сифатсиз чиқди. Тайёрланган дераза ром ойналари ва эшик дастаги синиқ ҳолда ўрнатилди. Тадбиркор уларни алмаштириб беришга ваъда берди. Аммо орадан анча вақт ўтса ҳамки камчиликлар бартараф этилмади. Истеъмолчини ташвишга солгани олдинда куз-қиш фасли, хоналар иссиқ бўлиши керак. Тадбиркордан эса дарак бўлмади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ишонч телефонига тушган мазкур мурожаат Агентликнинг Навоий вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан ўрганиб чиқилди. Муаммо буюртманинг юк машинасида нотўғри ташилиши жараёнида юзага келгани маълум бўлди. Мурожаат ижобий ҳал этилиб, дераза ромлари бир кун муддатда алмаштириб берилишига эришилди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига асосан, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
4,221